
«Ўзбектелеком» миллий алоқа оператори Humans виртуал оператори томонидан билдирилган айбловларга жавоб қайтарди.
2025 йил май ойида Humans Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасига давлат компаниясига қарши монополияга қарши иш қўзғатиш илтимоси билан мурожаат қилган, шунингдек, Жаҳон банки ҳузуридаги Инвестиция низоларини ҳал қилиш халқаро марказида (ICSID) Ўзбекистонга қарши халқаро арбитраж жараёнини бошлаган эди. Даъвода Humans «Ўзбектелеком»ни ҳам ўз ичига олган бир қатор давлат тузилмаларининг ҳаракатлари туфайли етказилган зарар учун компенсация талаб қилмоқда.
«Humans, бошқа операторлардан фарқли ўлароқ, ўз тармоғини яратишга сармоя киритмаган. 2020 йилдан буён у „Ўзбектелеком“ АЖ мобил алоқа тармоғидан фойдаланиб, шартнома асосида мобил алоқа хизматларини кўрсатмоқда», — дейилади давлат компанияси баёнотида.
«Ўзбектелеком» Humansʼга бозорда доминант (монопол) мавқеидан фойдаланиб босим ўтказиш ҳақидаги маълумотларни «нохолис» деб атади. «Аслида Humans ўз хизматларини ўз инфратузилмасига эга бўлган «Ўзбектелеком» АЖдан ташқари, Ucell, Beeline, Mobi.uz каби бошқа операторлар билан ҳам шартнома асосида кўрсатиш ҳуқуқига эга. Қонунчилик фақат «Ўзбектелеком» АЖ инфратузилмасидан фойдаланишни талаб қилмайди».
«Humans узоқ вақт давомида кўрсатилган хизматлар учун катта миқдордаги қарздорликни тўламасдан шартнома мажбуриятларини мунтазам равишда бузган. «Ўзбектелеком» АЖ истеъмолчилар ҳуқуқлари бузилмаслиги учун — улар Humans ёки бошқа операторлар мижози бўлишидан қатъи назар — ва улар тўланган суммага мувофиқ хизматлар олишлари учун хизматларни кўрсатишда давом этди», — деди миллий оператор.
Шу муносабат билан, «Ўзбектелеком» қарздорликни ундириш ва келажакдаги зарарларни камайтириш мақсадида судга даъво аризаси беришга мажбур бўлган. 2025 йил 8 май куни Тошкент иқтисодий суди «Ўзбектелеком»нинг Humansʼга қарши кўрсатилган хизматлар учун қарздорликни ундириш тўғрисидаги даъвоси бўйича қарор чиқарди, дейилади баёнотда.
«Агар жамоатчиликни, тартибга солувчи органларни ва бизнес ҳамкорларни чалғитувчи нотўғри маълумотлар тарқатилиши давом этса, «Ўзбектелеком» АЖ ўз ишчанлик обрўсини ҳимоя қилиш учун судга мурожаат қилиш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолади», — дейилади компанияда.
«Ўзбектелеком» шаффофлик, инсофли рақобат ва қонунчиликка риоя қилиш тамойилларига содиқлигини таъкидлади. «Компания бозорнинг исталган иштирокчиси, жумладан Humans компанияси билан ҳам, улар ўз мажбуриятларини виждонан бажарган тақдирда, конструктив мулоқотга очиқ», — дейилади баёнотда.