Ўзбекистоннинг элчиси илк бор Албанияга тайинланди

Бахтиёр Ибрагимов Ўзекистоннинг Албаниядаги биринчи элчиси

Вена шаҳридаги резиденцияси билан Ўзбекистоннинг Албаниядаги биринчи элчиси Бахтиёр Ибрагимов 2025 йил 31 январь куни Албания президенти Байрам Бегайга ишонч ёрлиқларини топширди, деб хабар бермоқда «Дунё» ахборот агентлиги.

Тиранадаги президентлик резиденциясида бўлиб ўтган учрашув чоғида икки давлат ўртасидаги муносабатларни ривожлантириш истиқболлари, хусусан, савдо-иқтисодий, маданий ва туризм соҳаларидаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.

Бахтиёр Ибрагимов 2023 йил кузида Австрияда элчи сифатида аккредитация қилинган. Шу билан бирга, у Европа хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотида, БМТнинг Наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармасида, Ядро синовларини тўлиқ тақиқлаш тўғрисидаги шартнома ташкилотида, Халқаро атом энергияси агентлиги ва Венадаги бошқа БМТ тузилмаларида Ўзбекистоннинг расмий вакили ҳисобланади.

Бунгача, 2017—2023 йилларда, Бахтиёр Ибрагимов Ўзбекистоннинг Нью-Йоркдаги БМТдаги доимий вакили сифатида фаолият юритган.