Женнифер Лопес илк бор Тошкентда чиқиш қилади

Жаҳонга машҳур хонанда ва актриса Женнифер Лопес 2025 йил 7 август куни илк бор Ўзбекистонда чиқиш қилади.

Концерт «Бунёдкор» стадиони саҳнасида унинг Up All Night — Live in 2025 номли жаҳон турнеси доирасида бўлиб ўтади.

Концерт ташкилотчиси — Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш фонди. Чипталар сотуви 2025 йил 5 июнь куни тушдан кейин iticket.uz сайтида бошланади.

Бўлажак тур АҚШлик мусиқа ва кино юлдузи учун бешинчи ва сўнгги олти йил ичидаги биринчи тур бўлади. У 4 июль куни Шарм-эш-Шайх (Миср) шаҳрида бошланиб, 10 август куни Олмаота (Қозоғистон) шаҳрида якунланади ва 11 мамлакатдаги 18 та шаҳарни қамраб олади.