
Украина Россия томонидан урушга жалб этилган фуқаролар масаласида Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилишга тайёр ва уларни ёллашнинг олдини олишга чақиради. Бу ҳақда Украина ташқи ишлар вазири ўринбосари Александр Мишенко 2026 йил 2 апрель куни Тошкентга ташрифи якунлари бўйича маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, ўзбекистонликларни «ёлғон ва алдов, сотиб олиш ва шантаж йўли билан» қандайдир «осон даромад» ваъда қилиб жалб этишмоқда ва улар ушбу «жиноий фаолият» иштирокчиларига айланишмоқда.
Мамлакат ҳудудига қўлида қурол билан келган барча шахслар жанговар ҳаракатлар иштирокчиси сифатида қаралади, деб таъкидлади дипломат.
«Украинага қарши қурол билан жанг қилган [ва асирга тушган] ушбу шахсларни биз ҳарбий асирлар деб ҳисоблаймиз. Лекин бизда ҳарбий асирларга нисбатан муносабат жуда инсоний. Қолган ҳамма нарса махсус хизматлар ва шу ишлар билан шуғулланувчи органларнинг алоҳида каналлари орқали кўриб чиқилади. Биз [ўзбекистонлик] ҳамкасбларимиз билан мулоқот қилишга тайёрмиз ва бу масалада бизда мутлақ тушуниш мавжуд», — деди.
«Уларга бошқача муносабатда бўла олмаймиз. Бу Украина ҳудудида одам ўлдираётган душман. Улар орасида бизга дўст бўлган мамлакатлар фуқаролари бўлишини ҳеч ҳам истамасдик. Аммо бу содир бўлаётган экан, биз ҳар бир ҳолатни Ўзбекистон давлат органлари билан ҳамкорликда алоҳида кўриб чиқамиз», — дея қўшимча қилди ТИВ раҳбари ўринбосари.
Дипломат профилактик чоралар зарурлигига эътибор қаратиб, Ўзбекистон томонини аҳолини хавф-хатарлардан фаолроқ хабардор қилишга, «ёшлар бундай оғир вазиятларга тушиб қолмаслиги учун кампаниялар ўтказишга» чақирди.
Ватанига қайтганидан кейин ёлланиш (ёлланма аскарлик) учун Ўзбекистон фуқароларига нисбатан ҳукм чиқарилгани ҳақидаги хабарлар мунтазам эълон қилиб борилади. Кўпинча булар Россияда ишлаётган меҳнат мигрантлари бўлиб, улар Россия полицияси назарига тушиб қолган ва уларга жазо ўрнига РФ Мудофаа вазирлиги билан шартнома тузиш «таклиф қилинган».
2025 йил ноябрь ойида Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати қарийб 4 йил ичида фуқароларнинг хориждаги қуролли можароларда иштирок этганлик ҳолатлари бўйича 338 та жиноят иши қўзғатилганини маълум қилди. Шу билан бирга, уларнинг сони йилдан-йилга ортиб бормоқда. 2022 йилда ёлланиш бўйича 19 та, 2023 йилда — 68 та, 2024 йилда — 112 та, 2025 йилда эса 139 та иш очилган.
Украинанинг «Хочу жить!» давлат лойиҳаси ёзишича, Ўзбекистон Марказий Осиё мамлакатлари ичида асирга тушган ўз фуқаролари сони ва ҳалок бўлганлар сони бўйича етакчилардан бири. «Бизга Украинага қарши жанг қилган ёки қилаётган камида 2715 нафар Ўзбекистон фуқаросининг исми маълум, уларнинг сони йилдан-йилга ортиб бормоқда. 2023 йилда 498 нафар, 2024 йилда яна 941 нафар ўзбекистонлик шартнома имзолаган. 2025 йилнинг биринчи ярмида 1300 га яқин Ўзбекистон фуқароси РФ Қуролли Кучлари таркибида урушга жўнаб кетди. Эслатиб ўтамиз, булар фақат бизга аниқ маълум бўлганлари», — дейилади лойиҳанинг 2025 йил октябрь ойидаги нашрида.
2026 йил февраль ойида Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси биринчи ўқишда хориждаги жанговар ҳаракатларда иштирок этишни тарғиб қилувчи материалларни ОАВ ва интернетда тарқатганлик учун маъмурий жавобгарликни жорий этишни кўзда тутувчи қонун лойиҳасини қабул қилди.