
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2025 йил 15 декабрдаги қарори билан 2027 йилда футбол бўйича 20 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Жаҳон чемпионатига (U-20) тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари дастурини тасдиқлади.
Мусобақалар бир вақтнинг ўзида Озарбайжонда ҳам бўлиб ўтади — ФИФА 2025 йил октябрь ойида шу ҳақда қарор қабул қилган эди. Шу куннинг ўзида — 15 декабрда Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев ҳам чемпионатни ўтказиш бўйича ташкилий қўмита тузиш тўғрисидаги фармойишни имзолади.
Чемпионатни ташкил этиш ва ўтказиш бўйича ташкилий қўмитага Бош вазир Абдулла Арипов раҳбарлик қилди. Унинг таркибига 10 дан ортиқ вазирлар, бошқа тузилмалар раҳбарлари ҳамда Тошкент шаҳри ва ўйинлар бўлиб ўтадиган вилоятлар ҳокимлари кирди.
Ташкилий қўмита масъул ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш, хавфсизлик масалалари, инфратузилмани тайёрлаш (шу жумладан, стадионлар ва иштирокчилар жойлашадиган манзиллар йўналишларини ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, аэропортларда шароитларни яхшилаш ва замонавий ҳожатхоналар яратиш), объектларни электр энергияси билан таъминлаш, иштирокчиларни жойлаштириш ва ташиш, тиббий хизмат кўрсатиш ва бошқа масалалар билан шуғулланади.
Тошкентдан Янги Тошкентга алоҳида автобус йўналишини йўлга қўйиш режалаштирилган. Аккредитациядан ўтганлар ва ўйин чипталарига эга бўлган барча шахслар автобус ҳамда метродан бепул фойдаланишлари мумкин бўлади.
Қарор билан Тошкент шаҳрида ФИФАнинг Марказий Осиё давлатлари учун минтақавий офисини очиш тасдиқланди (бундай режалар ҳақида сентябрь ойида маълум бўлган эди). Уни сақлаш харажатларини ФИФА, 50 фоизгача бўлган қисмини эса Ўзбекистон футболни қўллаб-қувватлаш жамғармаси қоплайди. Бинони таъмирлаш ва жиҳозлаш харажатлари Ўзбекистон Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси маблағлари ҳисобидан қопланади.
Ҳужжатда Жаҳон чемпионатининг бош соврини — Жаҳон кубоги билан жамоатчиликни таништириш учун мамлакат бўйлаб йўналиш ишлаб чиқиш ва ташкил этиш топширилган.
Айрим ўйинлар қурилаётган «Янги Тошкент» марказий футбол стадионида бўлиб ўтади. Президент 2025 йил ноябрь ойида унинг пойдеворини қўйиш маросимида иштирок этган эди. Стадион мамлакатдаги энг катта сиғимга — 55 минг томошабинга мўлжалланиши хабар қилинган.
Жаҳон чемпионатига муносиб тайёргарлик кўриш, уни юқори савияда ташкил этиш ва ўтказиш учун маблағлар 2026–2027 йиллардаги давлат бюджетида кўзда тутилади.

