
Тошкент шаҳар жамоат транспортини бошқарувчи «Тошшаҳартрансхизмат» компанияси бошқаруви раиси вазифасини бажарувчи этиб Азиз Мажидович Хўжанов тайинланди. Бу ҳақда компания матбуот хизмати хабар берди.
Тайинловга қадар у Ўзбекистон Транспорт вазирлигининг Ижро интизоми ва назорат бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаб келган.
Азиз Хўжанов 1985 йилда туғилган. 2008 йилда В. Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт академиясини, 2012 йилда эса Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академиясини тамомлаган.
Меҳнат фаолиятини 2005 йилда Тошкент шаҳри Бинолардан фойдаланиш департаменти мутахассиси сифатида бошлаган. У Яккасарой туман ҳокимлигида бош мутахассис, «Ташиссиқэнерго» корхонасида иқтисодчи, Юнусобод туман ҳокимининг ёрдамчиси, Ташқи иқтисодий алоқалар ва инвестициялар бош бошқармаси бош мутахассиси, сўнгра «Ўзкоммунхизмат» агентлигининг бўлим бошлиғи ва бошқарма бошлиғи, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги Тошкент шаҳар уй-жой коммунал хўжалиги бош бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари, Тошкент шаҳар ташкилий-назорат ва таҳлил бошқармаси бошлиғи лавозимларида ишлаган. 2019 йил ноябрида Учтепа тумани ҳокимининг иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалари бўйича биринчи ўринбосари этиб тайинланган эди.
Ўтган бир йил давомида «Тошшаҳартрансхизмат» раҳбари вазифасини бажарувчи Санжар Саттаров бўлган.

