
Ўзбекистон Марказий банки 2025 йилнинг биринчи ярим йиллиги якунлари бўйича кўчмас мулк бозори шарҳини эълон қилди.

Таҳлилга кўра, иккинчи чоракда (май-июнь) кўчмас мулк бозорида юқори фаоллик сақланиб қолган. Бу даврда 88,1 мингта битим тузилган бўлиб, бу 2024 йилнинг шу даврига нисбатан 9,9%га кўп.
2025 йил биринчи ярим йиллик якунларига кўра, битимларнинг умумий сони 177,5 мингтага етди, бу 2024 йилнинг шу даврига нисбатан 10,7%га кўп.
Кўчмас мулкни сотиш ва сотиб олиш билан бевосита боғлиқ шартномалар сони 148,4 мингтани ташкил этиб, 12,1%га ошган.
МБнинг таъкидлашича, кўчмас мулк бозоридаги фаолликнинг ўсиши ипотека кредитлари беришнинг тезлашиши билан бирга кечди — уларнинг ҳажми ўтган йилнинг иккинчи чорагига нисбатан 36%га ошган.
Шунингдек, бирламчи бозордан уй-жой сотиб олишга йўналтирилган ипотека кредитлари улуши 57%дан 74%гача ошган. Биринчи ярим йилликда ипотека жалб қилинган ҳолда амалга оширилган битимлар улуши 21,3%га етди, бу уй-жой сотиб олишда ипотеканинг ўсиб бораётган ролини тасдиқлайди.

Янги қурилган уйлар
Бирламчи бозордаги фаоллик қурилишнинг юқори суръатлари ва уй-жой қурилишига инвестицияларнинг ўсиши билан қўллаб-қувватланмоқда, дейди регулятор. 2025 йил январь-июнь ойларида қурилиш ишларининг реал ўсиши 10,7%ни, уй-жой соҳасига инвестициялар улуши эса 2024 йилдаги 4,7%га нисбатан 7,9%ни ташкил этди.
Қурувчилар томонидан таклиф этилаётган мослашувчан тўлов шартлари талабнинг кенгайишига ёрдам беради ва бирламчи бозор ўсишини рағбатлантиради, дейилади шарҳда.
Шу билан бирга, талаб аҳолининг реал даромадларининг ўсиши билан қўллаб-қувватланмоқда, улар биринчи ярим йилликда йиллик ҳисобда 9,5%га ошган. Ипотека кредитларининг кенгайиши ва уй-жой нархларининг ўртача ўсиши фонида кўчмас мулк сотиб олиш имкониятлари кенгайишда давом этмоқда, дея қайд этди Марказий банк.
2025 йил биринчи ярим йилликда уй-жой кўчмас мулк бозорида нархлар ўсишининг сезиларли даражада секинлашгани кузатилди.

Ҳисоботга кўра, Ўзбекистонда уй-жой бирламчи бозоридаги нархлар йиллик ҳисобда сўмда 2,6%га, АҚШ долларида эса 2,1%га ўсган. Таққослаш учун: 2024 йилнинг 6 ойида бирламчи бозордаги нархлар сўмда 35%га, долларда эса 22,5%га ошган эди.
Иккиламчи бозорда ўртача нархлар ушбу ярим йилликда сўмда 2,5%га, долларда эса 2%га ўсган (36,3% ва 14,7% бўлган эди).


Кўчмас мулк нархларининг ўсиш суръатлари аввалгидек жойлашув ҳудудига қараб ўзгариб бормоқда. Тошкентдаги иккиламчи бозорда 1 кв.м учун ўртача нарх 15,4 миллион сўмдан 14,9 миллион сўмгача (-3%) пасайган, бунда пасайиш ҳам йиллик, ҳам ойлик ҳисобда кузатилмоқда. Худди шундай тенденция Тошкент вилоятида ҳам намоён бўла бошлади (-2,7%).
Наманган вилоятида ўртача уй-жой нархининг ўсиши тўхтади (-0,1%).
Бошқа ҳудудларда нархлар ўсишда давом этмоқда, бу таҳлилчиларга кўра, уларнинг янада ўсиш салоҳияти мавжудлигидан далолат бериши мумкин — бу, жумладан, нисбатан паст база, инфратузилманинг яхшиланиши ва талабнинг ўсиши ҳисобига рўй бермоқда.
Ижара бозори

Уй-жой ижара бозорида нархлар барқарор бўлиб қолди: 2025 йил июнь ойи якунларига кўра, йиллик ўсиш атиги 0,3%ни ташкил этди. Бу таклиф ҳажмининг кўпайиши ва мавсумий талабнинг пасайиши билан боғлиқ.
Тошкентда ижара нархлари пасайишда давом этмоқда: июнь ойи якунларига кўра, йиллик пасайиш 6,1%га етган.
Ер участкалари бозори
Ер участкалари сегментида Тошкентда 100 кв. м (1 сотих) нархи 334 миллион сўмни ташкил этди, бу 2024 йилнинг июнь ойига нисбатан 2,5%га паст (342 миллион сўм эди). 2024 йил апрель ойида нарх 364 миллион сўмгача етган эди.
Қурилиш материаллари
Мавсумий омилларни ҳисобга олган ҳолда, қурилиш материаллари таклифи барқарор бўлиб қолмоқда. Шу билан бирга, Марказий банк маълумотларига кўра, сўнгги ойларда турар-жой биноларига хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш учун ишлатиладиган материаллар нархининг ўсиши тезлашгани кузатилмоқда. 2025 йил июнь ойи якунларига кўра, уларнинг нархи йиллик ҳисобда 5%га ошган.