Тошкентда 174 туп дарахт кесилиши факти бўйича жиноят иши қўзғатилди

Тошкент шаҳрининг Яккасарой туманидаги Бобур кўчасида 174 туп дарахт ва бута кесилиши факти бўйича Ободонлаштириш бошқармаси ходимлари ва бошқа шахсларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири маслаҳатчиси Расул Кушербаев хабар берди.

Унинг сўзларига кўра, дарахтлар кесилишига буйруқ берган деб тахмин қилинаётган ҳокимнинг биринчи ўринбосари Бахтиёр Раҳмонов ҳали ишга жалб қилинмаган. Тошкент ҳокимлиги «Газета» сўровига унинг алоқадорлигини рад этди. «Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосарига нисбатан билдирилаётган айбловлар асоссиз бўлиб, ҳеч қандай далиллар билан тасдиқланмаган», – дейилади пойтахт маъмурияти баёнотида.

Бош прокуратура матбуот хизмати Жиноят кодексининг 198-моддаси 2-қисми (ўрмонни, дарахтларни ёки бошқа ўсимликларни қонунга хилоф равишда кесиш, ушбу ҳаракатлар катта зарар етказилишига сабаб бўлса / 100 БҲМ дан 150 БҲМ гача миқдорда жарима ёки 240 соатдан 300 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд 1 йилдан 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 1 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади) бўйича жиноят иши қўзғатилганини тасдиқлади. Гумонланувчилар тергов давомида аниқланади, дейилади идора хабарида.

Аввалроқ 2025 йил 25 октябрь куни тунда Бобур кўчасида 145 туп кўп йиллик арча дарахтлари кесилгани, етказилган зарар дастлабки ҳисоб-китобларга кўра 620,5 млн сўмни ташкил этгани ҳақида хабар берилган эди. Кейинчалик Экология вазирлиги кесилган дарахт ва буталарнинг умумий сони 174 тани, шундан 151 таси тирик дарахт, 23 таси қуриган ва 2 таси бута эканини, зарар миқдори эса 1,46 млрд сўмга етганини аниқлаштирди.

Расул Кушербаевнинг сўзларига кўра, ҳокимият вакиллари экологлар ишига тўсқинлик қилишга уринган ва уларга босим ўтказган, бироқ жамоатчилик резонансидан сўнг шаҳар маъмурияти йўл қўйилган эътиборсизликни тан олган ва айбдорларни жавобгарликка тортиш ниятида материалларни прокуратурага топширганини маълум қилган.