
Тошкент шаҳридаги пуллик йўл бўйи тўхташ жойларидан фойдаланиш нархи резидентлар (яқин атрофдаги уйларда яшовчилар) учун барча 5 та тариф зонасида йилига 1 базавий ҳисоблаш миқдори (ҳозирда — 412 минг сўм ёки 35 АҚШ долларидан кам) этиб белгиланади.
Бу пойтахт ҳокими Шавкат Умрзоқовнинг 2025 йил 25 декабрдаги қарорида кўзда тутилган. Ҳужжат билан ҳокимнинг 2024 йил октябрь ойидаги пуллик тўхташ жойларини жорий этиш тўғрисидаги қарорига ўзгартиришлар киритилди. Улар 2026 йил 1 февралдан кучга киради.
Тунги вақт учун — соат 20:00 дан 8:00 гача — резидентлик рухсатномаси бепул берилади. Рухсатнома олиш учун аризаларни Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали топшириш мумкин бўлади.
Ҳужжатда резидентлар деганда автотранспорт фойдаланувчилари бўлган ҳамда пуллик тўхташ жойлари жойлашган ёки уларга яқин бўлган маҳаллалардаги уйларда мулк эгаси бўлган (ёки эгалик қилиш ҳуқуқига эга) фуқаролар тушунилади.
Резидентлик рухсатномалари 1 та автомобиль учун бир йил муддатга берилади ва электрон реестрда сақланади. Улардан резидентлардан ташқари, яшаш жойи бўйича доимий ёки вақтинча рўйхатдан ўтган фуқаролар ҳам фойдаланиши мумкин.
1 та яшаш манзили бўйича 2 тадан кўп бўлмаган резидентлик келишуви рўйхатдан ўтказилиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, Тошкент шаҳар ҳокимлиги 2025 йил сентябрь ойида резидентлик рухсатномаларини жорий этиш режалари ҳақида хабар берган эди.
Пуллик тўхташ жойлари тизими 2025 йил 8 майдан ишлай бошлади. Уни Streetpark Systems компанияси (Poytaxt Parking бренди) жорий этмоқда ва бошқармоқда. Тарифлар ҳудудга қараб соатига 5000 сўмдан 12 минг сўмгачани ташкил этади. Тўхташ жойининг дастлабки 5 дақиқаси бепул.

