Тошкентда Кичик ҳалқа йўлининг 19 км қисми модернизация қилинади ва қарийб 300 та чорраҳадаги светофорлар янгиланади

2026 йил давомида Тошкентда йўлларни таъмирлаш, янги светофорлар ўрнатиш ва йўл белгиларини чизиш режалаштирилган. Бу президентнинг 2025 йил 4 декабрдаги қарори билан тасдиқланган Тошкентда транспортни бошқаришнинг самарали тизимини яратиш бўйича **«йўл харитаси»**да назарда тутилган.

Ҳужжатга кўра, 2025–2026 йилларда Тошкент Кичик ҳалқа автомобиль йўли (Кичик ҲАЙ)’нинг Зиёлилар кўчасидан Шота Руставели кўчасигача бўлган қисми модернизация қилинади. Ишлар йўлнинг 19 км қисмини қамраб олади ва республика бюджетидан 150 млрд сўм миқдорида молиялаштирилади.

Шунингдек, Тошкентда 164,1 км (820,5 минг кв. м) узунликдаги автомобиль йўлларини жорий таъмирлаш ишлари амалга оширилади. Бунинг учун маҳаллий бюджетдан 127,6 млрд сўм маблағ ажратилган. Ишларни 2026 йил давомида амалга ошириш режалаштирилган.

Пойтахт кўчаларига 1,1 млн кв. м янги йўл белгилари чизилади. Лойиҳа «Хавфсиз йўл ва хавфсиз пиёда»жамғармаси маблағлари ҳисобидан 23,7 млрд сўм миқдорида молиялаштирилади. Бажариш муддати — 2025–2026 йиллар.

Янги светофорлар ва интеллектуал назорат тизимлари

Йўл ҳаракатини ташкил этиш маркази (ЙҲТМ) билан келишилган ҳолда, 2026 йил 1 апрелгача шаҳар чорраҳаларида 30 та янги светофор объектини қуриш ва реконструкция қилиш режалаштирилган. Ушбу мақсадлар учун «Хавфсиз йўл ва хавфсиз пиёда» жамғармасидан 4,5 млрд сўм ажратилади.

Шунингдек, ЙҲТМдан рухсатнома олингандан сўнг, шаҳарнинг 264 та чорраҳасида металл конструкциялар қурилади, ягона бошқарув тизими билан жиҳозланган янги светофорлар ўрнатилади, шунингдек, интеллектуал фото ва видео қайд этиш воситалари монтаж қилинади.

Ушбу лойиҳанинг қиймати хорижий молия ташкилотлари маблағлари ва давлат кафолатисиз хорижий банклар кредитлари ҳисобидан 226 млрд сўм деб баҳоланмоқда. Бажариш муддати — 2026 йил охиригача.

Ушбу «йўл харитаси» бошқа йирик инфратузилма лойиҳаларини, жумладан, 57,5 кмдан ортиқ ажратилган автобус йўлакларини қуриш, Zo‘r TV телеканали студияси ёнида янги йўл ўтказгич, Амир Темур шоҳ кўчаси остида тоннель қуриш ва йўлларни таъмирлашни ҳам назарда тутади. Бу мақсадлар учун Хитойнинг Bank of China банкидан 271,1 млн доллар кредит маблағларини жалб қилиш режалаштирилган. Ишлар Хитой компанияси билан ҳамкорликда олиб борилади.