Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Жамият 12/09/2025

«Ташаббусли бюджет» лойиҳалари давлат ва аҳоли ҳамкорлиги (шериклиги) асосида молиялаштирилади

Президент Шавкат Мирзиёев 2025 йил 29 август куни ташаббусли бюджет жараёнларини такомиллаштириш доирасида халқ вакиллари ва сайловчилар ўртасидаги ўзаро алоқани кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарорни имзолади.

50/50

2026 йил 1 февралдан бошлаб «Ташаббусли бюджет» лойиҳаларини аҳоли ва давлат ҳамкорлигига асосланган ҳолда молиялаштириш тартиби жорий этилади.

Агар аҳоли харажатларнинг ярмини ўз зиммасига олишга ихтиёрий равишда рози бўлса, ушбу лойиҳа «Ташаббусли бюджет» доирасида ғолиб деб топилади ва қолган 50% Республика бюджети ҳисобидан қопланади.

Шу йилнинг 1 сентябридан бошлаб ташаббусли бюджет танловларида кетма-кет 2 марта ғолиб бўлган маҳаллалар учун чеклов бекор қилинади. Истисно қуйидаги ҳолатларда амал қилади:

  • 15 та ва ундан кам маҳалла бўлган туман ва шаҳарлар учун;
  • давлат ва аҳоли шериклиги асосида молиялаштириладиган лойиҳалар учун.

Депутатлар томонидан танлаб олиш

Ҳужжатда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларининг ҳудудлардаги ижтимоий масалаларни ҳал этишдаги ташаббуслигини қўллаб-қувватлашнинг янги механизмлари назарда тутилган.

2026 йил 1 январдан бошлаб ҳар бир депутат ташаббусли бюджет доирасида ғолиб бўлмаган, лекин муҳим ижтимоий аҳамиятга эга бўлган 2 та лойиҳани (ҳар бир мавсумда биттадан) танлаб олиш имкониятига эга бўлади. Танлов «Очиқ бюджет» порталида ўтказилади ва уларнинг республика бюджетидан молиялаштирилиши учун асос бўлади.

Порталда депутатлар ташаббуслиги билан молиялаштирилган лойиҳалар учун алоҳида саҳифа пайдо бўлади, унда бундай ташаббусларнинг очиқ рўйхати юритилади.

Бу мақсадлар учун бюджетда ҳар йили ҳар бир депутат учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 8000 бараварига тенг сумма (тахминан 3,3 млрд сўм) ажратилади.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида ушбу жараёнларни мувофиқлаштириш, лойиҳаларни молиялаштириш ва амалга ошириш устидан парламент назоратини олиб бориш бўйича 11 нафар депутатдан иборат парламент комиссияси тузилади.

2025 йил 1 ноябрга қадар Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Рақамли технологиялар вазирлиги билан биргаликда порталда ғолиб бўлган лойиҳаларнинг интерактив харитасини ишга туширади.

2026 йилги бюджет лойиҳасида ташаббусли лойиҳалар учун 1 трлн сўм маблағ ажратилиши кўзда тутилган: 494 млрд сўм — депутатлар ташаббуси учун, 506 млрд сўм — шерикчилик модели бўйича лойиҳалар учун.

Кейинчалик вазирлик молиялаштиришни худди шу тартибда амалга оширади.

Эслатиб ўтамиз, 2025 йил 1 сентябрь куни якунига етган «Ташаббусли бюджет» лойиҳасининг иккинчи мавсуми якунларига кўра, фуқаролар томонидан қарийб 11,14 миллион овоз берилди, бу эса 2332 та ғолиб лойиҳани аниқлади. Уларни молиялаштириш учун 3,2 трлн сўм йўналтирилади.