Олий судьялар кенгаши — мажлисларнинг «рекорд» сони ҳақида

Ўзбекистон Олий судьялар кенгаши қисқа вақт ичида кўп сонли мажлислар ўтказилиб, 100 дан ортиқ судья тайинланганига жиддий сабаблар борлигини қайд этди. Бу ҳақда кенгаш оммавий ахборот воситаларидаги хабарга жавобан маълум қилди.

Аввалроқ Kun.uz нашри Олий судьялар кенгаши раиси Холмўмин Ёдгоров раислик муддати тугашига 13 иш куни қолганида, яъни 15 июлдан 5 августгача кенгаш йиғилишини етти марта чақирганига эътибор қаратган эди. Нашрнинг ёзишича, одатда мажлислар ойига 2-3 мартадан ошмайди.

Бу даврда кенгаш 100 дан ортиқ судьяни тайинлаш бўйича қарор қабул қилди. Улар орасида судьяларни янги муддатга қайта тайинлаш, ваколатларини узайтириш ва Судьялар олий мактаби битирувчиларини дастлабки 5 йиллик ишга тайинлаш бор.

Матбуот хизмати маълумотларига кўра, 2025 йил 15 июль куни 15 нафар судья янги 10 йиллик муддатга ва 2 нафари амалдаги ваколат муддатига қайта тайинланган, 18 июль куни эса 3 нафар судья янги муддатга ва 8 нафари амалдаги муддатга тайинланган. 24 июль куни Судьялар олий мактабининг 14 нафар битирувчиси илк бор лавозимга тайинланди. 25 июль куни очиқ танлов асосида яна 27 нафар битирувчи судья лавозимига тайинланди. 31 июль, 4 ва 5 август кунлари ҳам очиқ танлов шаклида мажлислар бўлиб ўтди, натижада 59 нафар номзод турли муддатларга тайинланди.

Умуман олганда, 13 иш кунида 77 киши 5 йиллик муддатга, 20 киши янги муддатга, 37 киши эса амалдаги ваколат муддатига судья этиб тайинланди.

Кенгаш шарҳи

Кенгаш бундай тез-тез мажлисларни «жиддий сабаблар», яъни бўш турган ўринларни тезкор тўлдириш зарурияти билан изоҳлади. 2025 йил 1 июль ҳолатига кўра, мамлакатда 122 та судья лавозими бўш, 16 июль куни эса Судьялар олий мактабини 182 киши тамомлаган эди.

Уларнинг аксарияти судьялик лавозимига имтиҳон натижаларини кутаётган эди, ҳали аввалги иш жойига тикланмаган эди, ҳужжатлари тайёр эди ва уларнинг номзодлари тўлиқ ўрганилган эди, дейилади хабарда.

Натижада 76 нафар битирувчи илк «беш йилликка» тайинланди, 7 августга келиб бўш иш ўринлари сони 53 тага қисқарди. Таққослаш учун, 2024 йил август ойида 154 нафар битирувчидан 66 нафари судья бўлган.

«Агар судьялик лавозимлари бўш қоладиган бўлса, судларга тушадиган юклама ортади, одамлар ўз ишлари кўрилишини узоқроқ кутишга мажбур бўлади. Бу фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига салбий таъсир кўрсатиши, суд жараёнларида узилиш ва кечикишларга олиб келиши мумкин. Қолган судьяларга тушадиган юклама ошгани сабабли иш сифати пасайиши хавфи мавжуд», — дейишди кенгашда.

«Шунинг учун бўш ўринларни имкон қадар тезроқ тўлдириш жуда муҳим — етарлича судьялар бўлса, ишлар ўз вақтида, тезкор ва адолатли кўрилади», — дея таъкидлади судьялар ҳамжамияти органи.

Бундан ташқари, 2025/2026 ўқув йилида Судьялар олий мактабида ўқишга 1016 нафар номзоднинг ҳужжатларини кўриб чиқишни бошлашдан олдин барча мажлисларни ўтказишга қарор қилинди.

Олий судьялар кенгаши 2017 йилда ташкил этилган бўлиб, унинг вазифаларидан бири судьялар корпусини шакллантириш бўлган. Бу тизим учун кадрлар тайёрлаш билан Судьялар олий мактаби шуғуллана бошлади, унинг янги тартиби 2019 йилда жорий этилган.

11 август куни Олий судьялар кенгашига яна Холмўмин Ёдгоров раҳбар этиб тайинланди. Унинг номзоди Сенат томонидан президент тақдимномасига асосан сайланди.