
Шаҳрихон тумани ҳокими Ҳикматилло Дадахонов Андижон вилоятида ўтказилган экологик рейд чоғида бузиб ташланган тандирнинг қийматини қоплади. Бу ҳақда Daryo нашрига туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Раҳматилло Раззоқов маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, ҳаво ифлосланишининг олдини олиш мақсадида ишчи гуруҳ томонидан ташкил этилган экорейд давомида туман ҳокими кўрсатмаси билан битта тандир бузиб ташланган. Яна иккита тандирни тадбиркорларга бино ичкарисига кўчириш таклиф қилинган ва улар ишини давом эттирмоқда. «Бузилган тандирнинг қийматини ҳоким ўз маблағларидан қоплади», — деди Раззоқов.
Шу билан бирга, ҳокимлик томонидан эълон қилинган видеоёзувда камида учта муассасада — «Уч ариқ ошхонаси», «Меҳмон ошхонаси» ва «Бек ошхонаси»да тандирлар экскаваторлар ёрдамида бузиб ташланганини кўриш мумкин.
Туман маъмурияти хабарида рейдлар Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов топшириғига кўра ўтказилгани қайд этилганди. Танқидлардан сўнг туман ҳокимига ҳайфсан кўринишида интизомий жазо чораси эълон қилинди.
Ҳодисадан сўнг Бизнес-омбудсман ҳаво ифлосланиши шароитида экорейдлар ўтказиш пайтида тадбиркорларнинг мулкий ҳуқуқларига риоя этилишини таъминлашга чақирди.
Қонунга («Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида») кўра, хусусий мулк даҳлсиздир ва давлат ҳимоясида, тадбиркорларнинг мулкига нисбатан ҳар қандай чоралар фақат ваколатли органлар ёки суд қарорлари асосидагина амалга оширилиши мумкин, дейилади хабарда.

