Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Жамият 15/02/2026

Рақобат қўмитаси чиқинди учун қарздорлик сабабли электр энергияси тўловига қўйилган чекловларни қайта кўриб чиқишни таклиф қилди

Ўзбекистонда қаттиқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиш хизматлари сифати бўйича шикоятлар сони кескин ортди. Йил бошидан буён Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасига 850 дан ортиқ мурожаат келиб тушган, ваҳоланки 2025 йил давомида жами 1141 та мурожаат кўриб чиқилган эди.

Шикоятлар асосан чиқиндиларнинг ўз вақтида олиб чиқилмаслиги, хизматлар сифатининг пастлиги, шартнома шартларига риоя қилинмаслиги, шунингдек, хизмат кўрсатувчи ташкилотлар томонидан асоссиз қарздорлик ҳисобланиши билан боғлиқ бўлиб, бунинг натижасида истеъмолчилар электр энергияси учун тўловларни амалга оширишда чекловларга дуч келмоқда (бундай чекловлар тўғрисидаги қонун ўтган йилнинг баҳорида президент томонидан имзоланган ва ноябрь ойидан жорий этила бошланган эди).

Ўрганишлар давомида қўмита қатор ҳудудларда чиқиндиларни олиб чиқишнинг минимал даврийлигига ҳам амал қилинмаётганини аниқлади. Мурожаатларнинг аксарияти Наманган, Қашқадарё, Жиззах, Тошкент ва Фарғона вилоятлари ҳиссасига тўғри келган.

Қўмита Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлигига чиқиндиларни ўз вақтида ва сифатли олиб чиқишни таъминлаш, шунингдек, асоссиз қарздорлик ҳисобланишининг олдини олиш бўйича чоралар кўриш юзасидан сўров юборди. Бундан ташқари, қўмита асоссиз қарздорлик туфайли электр энергияси тўловига қўйилган чекловларни қайта кўриб чиқишга чақирди.

Қўмитанинг қўшимча қилишича, Ўзбекистон қонунчилигига кўра, чиқиндиларни олиб чиқиш хизматлари белгиланган муддатларда ва даврийликка риоя қилинган ҳолда кўрсатилиши лозим, кўрсатилмаган ёки сифатсиз кўрсатилган хизматлар учун ҳақ ундириш тақиқланади.

2026 йил 5 февраль ҳолатига кўра, Ўзбекистон бўйича маиший чиқиндиларни олиб чиқиш хизматларидан 15,8 млрд сўм миқдорида қарздорлиги бўлган 198,8 минг дан ортиқ абонентнинг электр энергияси учун тўловлари чекланган. Ноябрь ойидан бери жами 1,17 миллион истеъмолчи чиқинди хизмати учун 108,9 млрд сўмлик қарздорлик ҳақида огоҳлантириш олган.

Таъкидлаш жоизки, 2026 йил 1 июлдан бошлаб уй-жой коммунал тўловлари бўйича қарздорлик мавжуд бўлганда ҳам электр энергияси учун тўловларни қабул қилишга чеклов жорий этилади.

2026 йилдан бошлаб қаттиқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиш хизматлари учун тўловлар фақат электрон шаклда қабул қилинмоқда.