Ўзбекистонда қурилишларда чанг ва қум кўтарилиши учун жарима жорий этилади

Олий Мажлис Сенати 2025 йил 20 февраль куни бўлиб ўтган ялпи мажлисда қурилиш майдонларида ҳавога чанг ва қум парчалари кўтарилиши учун жарималар жорий этиш тўғрисидаги қонунни маъқуллади.

Сенатор Икромхон Нажмиддиновнинг таъкидлашича, Ўзбекистонда атмосфера ҳавосининг сифати қурилиш ва шаҳарсозлик кенгайиши, шунингдек, қурилиш майдонларида чанг ва қум парчаларининг ҳавога кўтарилиши натижасида ёмонлашмоқда.

Унинг сўзларига кўра, бугунги кунда шаҳарларда чанг кўтарилиши ҳолатлари жуда кўп кузатилади, ўртача йилига 50–80 кун давом этади. Статистикага кўра, 500 кв. м майдонга эга очиқ қурилиш майдончасидан ҳар йили тахминан 50 тонна чанг ва қум ҳавога кўтарилади.

Бугунги кунда шаҳарсозлик меъёрларида қурилиш майдонлари ва уларга олиб борадиган йўлларда чанг ва қум кўтарилишини олдини олиш бўйича мажбурий талаблар белгиланган — жумладан, сув сепиш ва махсус қурилмалардан фойдаланиш.

Бироқ амалдаги қонунчилик бевосита қурилиш пайтида ҳавога чанг чиқарилиши учун қурилиш компанияларига аниқ жавобгарлик юкламайди.

Шу сабабли, бу ҳолатга аниқ чоралар кўриш ва қурилиш ташкилотларининг масъул шахсларини бу талабларни бузганлик учун жавобгарликка тортиш зарур, деди Нажмиддинов.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилаётган ўзгартишларга мувофиқ, янги 85−1-модда жорий этилади. Унга кўра, 500 кв. м ва ундан катта бўлган қурилиш майдони, шунингдек, унга туташ ҳудуд ва чиқиш йўлларида чанг ва қум кўтарилишини олдини олиш талаблари бузилса ёки ҳавога чиқарилаётган ифлослантирувчи моддалар меъёрдан ошса, қурилиш ташкилоти масъул шахсларига 10 базавий ҳисоблаш миқдори (3,75 млн сўм) миқдорида жарима солинади.

Агар шу ҳуқуқбузарлик бир йил ичида такрорланса, жарима 50 базавий ҳисоблаш миқдорига (18,75 млн сўм) оширилади.

Бундай ҳолатларни аниқлаш ва жавобгарликка тортиш вазифаси Давлат экологик назорат инспекциясига юклатилган.

Сенаторлар қонуннинг қабул қилиниши қурилиш, реконструкция ва капитал таъмирлаш ишлари жараёнида атмосферага тартибсиз равишда чиқариладиган чанг ва қум парчаларини йўқ қилишга ёрдам беришини таъкидлади.

Сенатор Рустам Калонов эса жорий этилаётган жарималар самарали бўлишига шубҳа билдирди, чунки айни пайтда янги уй-жой нархи ўртача 15−20 млн сўмни ташкил этади.

Экология вазирлиги вакили 500 кв. м дан катта қурилиш майдони танлангани юзасидан лаборатория текширувлари ўтказилганини маълум қилди. Уларнинг натижаларига кўра, бундай ҳудуддан ўртача 4−4,5 тонна чанг ҳавога кўтарилади.

Унинг сўзларига кўра, бу энг юқори кўрсаткичлардан бири бўлиб, у маҳаллий экологик таъсир кўрсатиши мумкин.

Жарималар юзасидан, Экология вазирлиги вакиллари Олий суд ва Бош прокуратура билан муҳокама ўтказганини ва жарималар ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилганини таъкидлади. Улар халқаро тажриба ўрганилганини ҳам маълум қилишди.

Сенатор Покиза Аҳмеджанова қурилишда чанг чиқариш билан боғлиқ қоидаларни бузган қурилиш ташкилотларини «Шаффоф қурилиш» рейтингидан балларидан маҳрум қилишни таклиф қилди. Бугунги кунда президент қарорига кўра, дарахтларни кесган қурилиш ташкилотлари ўз рейтингини йўқотмоқда.

Экология вазирлиги вакили бу ғояни қўллаб-қувватлаб, қонун қабул қилинганидан кейин шу каби талабни жорий этиш мумкинлигини маълум қилди.

Шу кунларда прокурорлар ва экологлар Тошкент ва Тошкент вилоятидаги 762 объектни атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш қоидаларига риоя этиш бўйича текширди ва уларнинг ярмидан кўпи тутун, чанг ва газ чиқариш меъёрларини бузганини аниқлади. Улар қаторида иссиқхоналар, саноат ва ижтимоий объектлар бор.