
Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси Ўзбекистон томонидан Қирғизистон-Ўзбекистон чегарасида, Ўш вилоятида берилган иккита йирик ер участкасини давлат мулкига қабул қилиш тўғрисидаги қарорни тасдиқлади. Бу ҳақда 24.kg хабар бермоқда.
Участкалардан бири 100 гектар майдонга эга бўлиб, Қорасув туманида 312/4 ва 312/6-сонли чегара пунктлари оралиғида жойлашган. Иккинчи участка – 198,44 га – Аравон туманида 324 ва 328-сонли пунктлар оралиғида жойлашган.
Бу қарорлар икки давлат президентлари томонидан 2022 йил 3 ноябрда Бишкекда имзоланган «Қирғизистон Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси ўртасида давлат чегарасининг айрим участкалари тўғрисидаги битимни ратификация қилиш ҳақида»ги қонун ижроси доирасида қабул қилинган.
Битим билан умумий узунлиги 302,29 километр бўлган чегара чизиғи, шу жумладан Ўзбекистон-Қирғизистон давлат чегарасининг 35 та участкаси белгиланган.
Қарорга мувофиқ, Қорасув ва Аравон туманлари маъмуриятлари участкаларни тегишли қишлоқ округлари – Қорасув ва Керме-Тоога – бепул фойдаланишга бериши ва уларнинг мақсадли ишлатилишини назорат қилиши керак. Ҳужжатни амалга ошириш бўйича тадбирларни молиялаштириш маҳаллий бюджетлар ҳисобидан таъминланади.
Участкаларни инвентаризация қилиш ва давлат рўйхатидан ўтказиш бир ой ичида амалга оширилади. Бу ишларни Қирғизистоннинг Ер ресурслари, кадастр, геодезия ва картография давлат агентлиги Ўш вилоятидаги президент ваколатли вакили билан биргаликда ўтказади.
Аввалроқ, Ўзбекистон томонидан Қирғизистон билан чегарада яшовчи 130 га яқин оилани кўчириш режалаштирилгани хабар қилинган эди. Компенсация тўловлари учун 50 миллиард сўм (тахминан 4,5 миллион доллар) ажратилиши кўзда тутилган эди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон ва Қирғизистон Кемпиробод сув омборининг сув ресурсларини биргаликда бошқариш тўғрисидаги битим доирасида икки давлат чегарасидаги Кемпиробод сув омборини бошқариш учун қўшма корхона тузишга келишди.
Ер алмашинуви доирасида Ўзбекистонга Андижон сув омбори ҳудудининг 4957 гектари ва тўғонга хизмат кўрсатиш ва уни қўриқлаш учун қўшимча 19,5 гектар ўтади, Қирғизистонга компенсация сифатида 1019 гектар яйлов ерлари берилади. Шунингдек, Қирғизистонга Андижон сув омборининг чап соҳилида қурилмаган Кемпиробод канали учун компенсация сифатида «Ғовасой» участкасидаги 12849 гектар ер ўтади.