«Ўзбекнефтгаз» ривожланишнинг 10 та устувор йўналишини ва раҳбарият алмашганидан кейинги «зарбдор 100 кунлик»ни эълон қилди

Ўзбекистоннинг энг йирик газ қазиб олувчи компанияси — «Ўзбекнефтгаз» раҳбарият алмашганидан кейин 2026 йилга мўлжалланган режаларини белгилаб олди, деб хабар берди корхона матбуот хизмати.

Янги раҳбар Абдуғани Сангинов 2025 йил 19 декабрь куни мажлис ўтказиб, унда маҳсулот таннархини босқичма-босқич пасайтириш ва нефть базаларида ўғрилик ҳамда бошқа ноқонуний хатти-ҳаракатларнинг олдини олишга қаратилган назоратни кучайтириш чоралари муҳокама қилинди.

Компания раҳбарияти трансформация жараёнларини жадаллаштириш, иқтисодий блок ишини танқидий таҳлил қилиш ва ортиқча харажатларни сезиларли даражада қисқартириш бўйича топшириқ берди. Мавжуд маблағларни биринчи навбатда геология-қидирув ишларига ва қазиб олиш ҳажмини «тубдан яхшилаш»га йўналтириш режалаштирилмоқда.

«Қаҳратон қиш кунларида қазиб олишни барқарорлаштириш ва аҳолини газ билан таъминлаш давлат сиёсатида устувор аҳамиятга эга экани алоҳида таъкидланди. Давлат раҳбари томонидан белгиланган асосий вазифа — аввало халқ манфаатларидан келиб чиқиш, энергия ресурсларини узлуксиз етказиб беришни таъминлаш ва ижтимоий барқарорликни сақлаш экани қайд этилди», — дейилади хабарда.

«Зарбдор 100 кунлик»

2025 йил 23 декабрь куни Сангинов яна бир мажлис ўтказиб, давлат раҳбари томонидан қўйилган устувор вазифалар ижроси, нефть ва газ қазиб олиш ҳамда қайта ишлаш ҳажмини ошириш, шунингдек, соҳанинг самарадорлиги ва иқтисодий барқарорлигини таъминлаш масалаларини муҳокама қилди.

Ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқиш ва компаниянинг барқарор ривожланишини таъминлаш учун фаолиятнинг 10 та устувор йўналиши белгилаб олинди.

  1. Стратегия ва операцион бошқарувни ажратиш. Стратегик фаолият ва кундалик операцион бошқарувни аниқ чегаралаш режалаштирилган. Бу стратегик қарорлар сифатини ошириши ва жорий процедуралар ҳамда ҳужжат айланишини қисқартириш ҳисобига раҳбарият зиммасидаги юкламани камайтириши керак.
  2. Стратегия офисини ташкил этиш. Компанияда бошқарув раисига бевосита бўйсунувчи Стратегия офиси (SPO) ташкил этилиши кўзда тутилмоқда. У стратегияни ишлаб чиқиш, унинг амалга оширилишини назорат қилиш ва лойиҳалар портфелини стратегик мақсадларга мувофиқлаштириш билан шуғулланади.
  3. Инвестицияларнинг иқтисодий самарадорлиги устуворлиги. Инвестиция дастурларига фақат иқтисодий самарадорлиги исботланган ва лойиҳаолди ҳужжатлари тўлиқ тайёрланган лойиҳалар киритилади, бу эса молиявий ресурслардан оқилона фойдаланишни таъминлаши лозим.
  4. Қазиб олишга янгича ёндашув. Нефть ва газ қазиб олишда компания «ҳажм орқасидан қувиш»дан воз кечиб, қўшилган қиймат яратиш ва рентабелликка эътибор қаратади. Ҳар бир коннинг иқтисодий самарадорлиги ва фойдалилиги асосий мезон бўлади. Шу муносабат билан лойиҳалаш, геофизика ва геология-қидирув, жумладан, бурғилаш харажатларини тахминан 20 фоизга камайтириш режалаштирилган.
  5. Геология-қидирув харажатларини оптималлаштириш. Геология-қидирув ва бурғилаш ишлари харажатлари нархлар ва нормативларни оптималлаштириш ҳисобига қайта кўриб чиқилади.
  6. Газни чуқур қайта ишлаш. Газни чуқур қайта ишлашни ривожлантиришга устуворлик берилади. Хусусан, юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқариш, импортни қисқартириш ва экспорт салоҳиятини кенгайтириш учун GTL заводи қувватларини ошириш кўзда тутилган.
  7. Молиявий шаффофлик. Фаолият шаффофлигини ошириш учун молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларини (МҲХС) жорий этиш, харидлар тизимини инвентаризация қилиш ва тўғридан-тўғри шартномалар амалиётини чеклаш белгиланган.
  8. Кредит юкини камайтириш. Компаниянинг молиявий барқарорлиги қарзларни самарали бошқариш, қарз юкини қисқартириш ва 2026 йил учун молиявий моделни ишлаб чиқиш орқали таъминланади.
  9. Кадрлар сиёсати ва KPI. Кадрларни бошқариш тизими қайта кўриб чиқилади, жумладан, топ-менежмент институтини шакллантириш ва раҳбарлар фаолиятини аниқ KPI кўрсаткичлари асосида баҳолаш жорий этилади.
  10. Рақамлаштириш ва сунъий интеллект. Компания бошқарув ва ишлаб чиқариш самарадорлигини оширишга қаратилган, ўлчаш мумкин бўлган иқтисодий самара берадиган рақамли технологиялар ва сунъий интеллект ечимларини жорий этиш ниятида.

Йиғилиш якунида Сангинов ушбу чораларнинг амалга оширилиши нефть-газ соҳасининг барқарор ривожланишини ва «Ўзбекнефтгаз»нинг замонавий, самарадор ҳамда рақобатбардош компанияга айланишини таъминлаши кераклигини таъкидлади. Белгиланган ўзгаришларни бошлаш учун «зарбдор 100 кунлик» эълон қилинди.

Газ ҳажмининг камайиши

«Ўзбекнефтгаз» ўтган йилнинг охирида 2025 йилда 26,5 млрд кубометр табиий газ қазиб олишни режалаштираётганини маълум қилган эди. Бироқ октябрь ойи охирида компаниянинг собиқ раҳбари Баҳодир Сидиқов интервьюда газ ҳажми «25 млрд кубометрдан кўпроқ» даражада бўлиши кутилаётганини айтганди.

Корхона 2025 йилда ишлаб чиқариш ва геология-қидирув лойиҳаларини молиялаштириш учун 2 млрд доллар миқдорида хорижий кредитлар жалб қилишни режалаштирган эди.

2022 йилда компаниянинг қазиб олиш бўйича прогнози 34 млрд кубометрни ташкил этган бўлса, амалдаги натижа 32,2 млрд кубометр бўлган. «Ўзбекнефтгаз» 2023 йил учун табиий газ қазиб олиш прогнозини 34,1 млрд кубометрдан 32,3 млрд кубометргача туширган эди.

Давлат дастурига кўра, 2024 йилда режа 29,3 млрд кубометр газни ташкил этган. Ушбу мақсадни бажариш учун «Ўзбекнефтгаз» билан бирга Sanoat Energetika Guruhi (Saneg) хусусий компанияси, бошқа хусусий нефть-газ компаниялари ва хорижий корхоналар масъул этиб белгиланган.

«Ўзбекнефтгаз» бошқарув раисининг собиқ биринчи ўринбосари Беҳзод Усмонов ҳали 2022 йил ноябрь ойидаёқ 2026 йилгача газ қазиб олиш прогнозини тақдим этган ва у кейинчалик тасдиқланган эди. Амалдаги конларда табиий қазиб олиш пасайишда давом этди: 2024 йилда ишлаб чиқаришни 34,1 млрд кубометр даражасида ушлаб туриш учун геология-қидирув ҳисобига 4,6 млрд кубометр, 2025 йилда — 7,1 млрд, 2026 йилда — 9,6 млрд кубометр компенсация талаб этилар эди.

Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов аввалроқ Ўзбекистон 2026 йилда янги конлар ҳисобига газ қазиб олишнинг кўп йиллик пасайишини тўхтатишни режалаштираётганини маълум қилганди. Бунда Мўйноқ туманидаги янги кон ёрдам бериши керак, у ерда мамлакатдаги энг юқори дебитли қудуқ бурғиланган.