
Ўзбекистон Европанинг SES (Satellite Communication Service Provider, мультиорбитал сунъий йўлдош алоқа провайдери) провайдери билан Марказий Осиё учун Европа сунъий йўлдош интернет дастури бўйича келишув имзолади. Бу ҳақда рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида маълум қилди.
Аввал хабар берилгандек, SES Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистоннинг чекка ҳудудларини интернетга улаш учун сунъий йўлдош технологиялари ва ер усти терминалларини жойлаштиради.
Европа комиссарининг халқаро шериклик бўйича вакили Йозеф Сикела 2025 йил март ойида ушбу лойиҳа Ўзбекистон ҳудудида минтақавий сунъий йўлдош шлюзини жойлаштиришни таклиф қилиш орқали мамлакатга «ҳақиқий рақамли автономия» ҳам таклиф этишини қайд этган эди.
Шерматов Тошкент сунъий йўлдош интернет хабига айланишини ва бу ердан нафақат мамлакат ичида, балки минтақанинг қўшни давлатларида ҳам хизмат кўрсатилишини тасдиқлади.
«Бу лойиҳа айнан Ўзбекистонда хаб яратишни назарда тутади, у минтақадаги бошқа қўшни мамлакатларга ҳам хизмат кўрсатади… Қўшимча интернет хизматларини тақдим этиш ҳисобига Ўзбекистоннинг экспорт даромадлари ошади», — деди.
Вазир, шунингдек, Ўзбекистонда фаолият юритаётган Европа IT-компаниялари сони ортаётганига эътибор қаратди.
«Агар 2 йил олдин Европа давлатлари капиталига эга компанияларнинг умумий сони 50 та бўлган бўлса, ҳозирда бу 161 та компанияни ташкил этмоқда. Яъни, 2 йил ичида 3 баробар ўсиш кузатилди», — деди Шерматов.
У Ўзбекистон Президентининг Брюсселга расмий ташрифи ва Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимнинг (КШҲТБ) имзоланиши рақамли соҳага инвестицияларни янада жалб қилишга янги суръат бағишлашига умид билдирди.
«Умид қиламанки, айнан мана шу ташриф Европа компанияларининг мамлакатимиз IT-соҳасига бўлган қизиқишига туртки беради. Ва бу ёшларимиз учун қўшимча юқори маошли иш ўринлари яратади», — дея таъкидлади вазир.
Унинг сўзларига кўра, Европа компаниялари Ўзбекистондан туриб ваколатхоналар очиши ва рақамли хизматлар кўрсатиши учун уларга ЕИ доирасида қонунчилик тартибга солиниши ҳам керак.
«Бу компаниялар бизда офислар очиши ва масофадан хизматлар кўрсатиши учун Европа Иттифоқи қонунчилиги бунга рухсат бериши керак», — дея тушунтирди.
Вазир ЕИ билан келишувни рақамли иқтисодиёт ва Европа IT-бизнесини жалб қилиш учун имкониятлар очадиган «тарихий ҳужжат» деб атади: «Европа Иттифоқи билан Шериклик тўғрисидаги келишув ҳақиқатан ҳам тарихий ҳужжат бўлиб, юқори маошли иш ўринлари яратиш учун улкан имкониятлар очади», — дея хулоса қилди Шерматов.
Вазир аввалроқ Европа Иттифоқи бозорида 300 га яқин IT-компания мавжудлигини, уларда Ўзбекистондан келган 13 мингга яқин ёшлар ишлашини маълум қилган эди.
2025 йил март ойида ЕИ, Expertise France, ЕИБ ва SES провайдери вакиллари Тошкентда Марказий Осиё учун сунъий йўлдош интернети бўйича келишувларни имзолаган эди.
Эслатиб ўтамиз, Президент Шавкат Мирзиёевнинг сўзларига кўра, 2026 йилдан бошлаб мамлакатнинг чекка ҳудудларини юқори тезликдаги интернет билан таъминлайдиган сунъий йўлдош интернет операторлари ўз фаолиятини бошлайди. Улар 5 йил муддатга ер, мулк, фойда солиғи ва ҚҚСдан озод қилинади.
2025 йил октябрь ойи бошида Ўзбекистон Amazon компанияси билан сунъий йўлдош интернетини ишга тушириш бўйича дастлабки келишувга эришди. Рақамли технологиялар вазирлиги ва Amazon Kuiper Commercial Service ўзаро англашув меморандумини имзолади.
2024 йил август ойида Қозоғистон Илон Маскнинг SpaceX компаниясига тегишли Starlink сунъий йўлдош интернети ишга тушган Марказий Осиёдаги биринчи давлат бўлди — энг арзон тариф тахминан ойига 43 долларни ташкил этади. Октябрь ойида Тожикистон Алоқа хизмати ҳам Starlink билан шунга ўхшаш келишув тузди ва тизимнинг Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистонда 2025–2026 йилларда ишга туширилиши кутилмоқда. Дастлаб Ўзбекистонни 2023 йилда улаш режалаштирилган эди.

