Марказий Осиё учун Европанинг сунъий йўлдош интернети дастури (TEI Digital Connectivity) бўйича келишувларни имзолаш маросими 2025 йил 18 март куни Ўзбекистон Рақамли технологиялар вазирлигида бўлиб ўтди.
Келишув томонлари сифатида Европа Иттифоқи, халқаро техник ҳамкорлик агентлиги Expertise France, европалик провайдер SES (Satellite Communication Service Provider, кўп орбитал сунъий йўлдош алоқа хизматлари провайдери) ва Европа инвестиция банки иштирок этди.
Маросимда Европа Иттифоқининг халқаро ҳамкорлик бўйича комиссари Йозеф Сикела, Expertise France агентлиги раҳбари Жереми Пелле, SES ва ЕИБ вакиллари қатнашди.
«Мен Expertise France билан келишув имзолаганимдан фахрланаман. Марказий Осиёдаги ҳамкорларимиз билан биргаликда сунъий йўлдош алоқаси учун сиёсат ва норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш, шаффоф ва барча учун қулай кенг полосали интернетни таъминлаш, маҳаллий рақамли инновацияларни қўллаб-қувватлаш ва киберхавфсизликни мустаҳкамлаш устида иш олиб борамиз. Бу ишлар интернетнинг очиқ, хавфсиз ва барча учун, жумладан, қишлоқ ҳудудлари учун ҳам фойдаланиш имконини таъминлашга ёрдам беради», — деди Йозеф Сикела ҳужжатлар имзоланганидан сўнг.
«Шунингдек, — давом эттирди еврокомиссар, — Европа Иттифоқи гранти ва Европа инвестиция банки кредити ёрдамида SES компанияси Қозоғистон, Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистоннинг олис ҳудудларини интернетга улаш учун сунъий йўлдош технологиялари ва ер усти терминалларини жорий этади».
Унинг сўзларига кўра, ушбу икки муҳим жиҳат — ҳуқуқий база ва инфратузилма бир-бирини тўлдиради. «Биз биргаликда Марказий Осиёнинг рақамли барқарорлигини мустаҳкамлаймиз, иқтисодий ривожланишни қўллаб-қувватлаймиз ва ижтимоий интеграцияга ҳисса қўшамиз», — деди у.
Ҳужжатлар имзоланишидан олдин Ўзбекистон рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов ва Йозеф Сикела музокаралар ўтказди.
Еврокомиссар ўз чиқишида сунъий йўлдош интернети учун норматив-ҳуқуқий муҳит яратишни ўз ичига олган дастурнинг «софт» қисми ишга тушганини таъкидлади.
«Биз ушбу минтақавий ташаббуснинг инфратузилма қисмини ҳам амалга оширишга тайёрмиз. Жорий йилда рақамли алоқа учун ер усти сунъий йўлдош станцияларини жорий қилишни бошлашга шаймиз», — деди Йозеф Сикела.
Шунингдек, у лойиҳа Ўзбекистонга «реал рақамли автономия» таклиф этишини ва мамлакат ҳудудида минтақавий сунъий йўлдош шлюзи жойлаштириш имкониятини бераётганини таъкидлади.
«Албатта, шлюз қуриш харажатларни талаб қилади, лекин бу тўлиқ рақамли мустақилликка эришиш учун муҳим афзалликларни беради. Айниқса, инқирозли ҳолатларда Ўзбекистон рақамли алоқа учун қўшни давлатларга боғлиқ бўлиб қолмайди», — деди у. Шунингдек, агар Ўзбекистон сунъий йўлдош шлюзини ўз ҳудудида қурса, у Қирғизистон ва Тожикистон учун хабга айланиши мумкин (Қозоғистон аллақачон ўз инфратузилмасига эга, Туркманистон эса лойиҳада иштирок этмаяпти).
Шерзод Шерматов ва Йозеф Сикела лойиҳани амалга ошириш шартларини атрофлича муҳокама қилди.
Ўз нутқида Шерзод Шерматов Ўзбекистон ва Европа мамлакатлари ўртасидаги IT соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш муҳимлигини таъкидлади.
«Европа компаниялари ўз харажатларини қисқартирмоқчи. Биз эса ўз навбатида, инглиз ва бошқа чет тилларида сўзлаша оладиган ёш мутахассисларга эгамиз. Саудия Арабистони, БАА, Қатар каби давлатлар бизнинг мутахассисларимизга қизиқиш билдиряпти. Европалик компаниялар ҳам бу ерда ёшларни ишга олиши, бизнесини ривожлантириши ва ушбу бозорга кириши мумкин», — деди вазир.
Шерзод Шерматов ҳозирги кунда Европа Иттифоқи бозорида 300 га яқин IT-компания мавжудлиги ва уларда 13 мингга яқин ўзбекистонлик ёшлар фаолият юритаётганини қайд этди.
«Европа Иттифоқи IT-хизматлар аутсорсинги учун жуда муҳим бозор ҳисобланади. Шунинг учун Европа Иттифоқининг юқори мартабали вакиллари билан учрашувлар соҳамизнинг ривожи учун жуда муҳим. Бу чет тилларини ўрганаётган ёшларимизга янги имкониятлар яратади. Фақат инглиз тили эмас, балки немис тилини ҳам биладиган мутахассислар учун ҳам кўп имкониятлар бор. Улар ўз билимларини экспорт қилиши мумкин, четга чиқмасдан туриб халқаро лойиҳаларда иштирок этиши мумкин. Биз, аксинча, Европа компанияларини Ўзбекистонда мутахассисларни ишга жалб қилишга чақирамиз», — дея хулоса қилди вазир.