«Лукойл» активларини сотиб олиш ҳақида савол ҳали кўтарилгани йўқ — «Ўзбекнефтгаз» раҳбари

Давлат компанияси «Ўзбекнефтгаз» ва Россиянинг нефть-газ компанияси «Лукойл» Ўзбекистондаги қўшма лойиҳаларга АҚШ санкцияларининг мумкин бўлган таъсирини муҳокама қилмоқда. Бу ҳақда «Ўзбекнефтгаз» бошқаруви раиси Баҳодир Сидиқов маълум қилди.

2025 йил 22 октябрь куни АҚШ Молия вазирлигининг Хорижий активлар назорати бошқармаси (OFAC) «Лукойл»ни блокировка қилувчи чекловлар қўйиб, санкциялар рўйхатига киритди. Санкциялар компания ва унинг «Лукойл» улуши 50%дан ортиқ бўлган шўъба корхоналари билан операцияларни тўхтатиш учун бир ойлик муддатни (2025 йил 21 ноябргача) назарда тутади.

АҚШ фуқаролари ёки молия институтлари ва хорижий давлатларга 2025 йил 21 ноябрдан кейин бу компаниялар ва уларнинг шўъбаларига ёрдам бериш тақиқланади, акс ҳолда барчага санкциялар таҳдид солади.

Шу муносабат билан 2025 йил 27 октябрь куни «Лукойл» ўзининг халқаро активларини сотиш ҳақида эълон қилди. Эслатиб ўтамиз, компания Ўзбекистонда ҳам, жумладан «Ўзбекнефтгаз» билан қўшма лойиҳаларда ҳам фаолият юритади.

Сидиқов жорий этилган чекловларни муҳокама қилиш учун 2025 йил 28 октябрь куни «Лукойл» билан бўлиб ўтадиган режалаштирилган учрашув ҳақида маълумот берди. Унинг фикрича, ҳозирча Ўзбекистон томонидан Россия активларини сотиб олиш масаласи кўтарилмайди.

«Менимча, ҳозир сотиб олиш масаласи кўтарилмайди. Мен бунга ишонмайман. Ҳозир «Лукойл»нинг мавқеини ҳам эшитамиз. Менимча, бундай қисқа муддатда бирор объектни сотиб олиш, бошқа бирор давлат учун ҳам реал эмас. 21 ноябргача нарх бўйича келишиш… Масалан, мен бундай вазиятда сотмас эдим», — деди.

«Лукойл» илгари халқаро активларнинг узлуксиз ишлашини таъминлаш учун зарур бўлса, лицензия муддатини узайтириш учун ариза бериш режалаштирилаётгани ҳақида ҳам хабар берган эди.

«Майдон бор, баъзи санкциялар муддатларини узайтириш имконияти бор. Лекин бу ҳам — ҳозир биз Америка томони билан ҳам гаплашишимиз керак бўлади. Бу узоқ жараён», — дея қайд этди.

Сидиқов санкциялар «Лукойл» фаолиятига ва Ўзбекистондаги қўшма лойиҳаларга ўз таъсирини кўрсатишини тан олди.

«Ҳар қандай ҳолатда бу уларнинг ва бизнинг фаолиятимизга қандайдир тарзда таъсир қилади. Улар билан молиявий ўзаро муносабатларни юритиш имконсиз бўлади. Бугун барча вариантларни муҳокама қиламиз», — деди «Ўзбекнефтгаз» раҳбари.

«Лукойл»нинг Ўзбекистондаги лойиҳалари

«Лукойл» Ўзбекистоннинг ёқилғи-энергетика секторидаги энг йирик хорижий инвесторлардан бири ҳисобланади. Компаниянинг 2024 йилдаги умумий инвестиция ҳажми 10 млрд доллардан ошди.

Ҳукумат 2004 йилда Россия компанияси билан Бухоро вилоятидаги «Қандим-Ҳавзак-Шоди» лойиҳалари (35 йил муддатга, 2014 йилда яна 7 йилга — 2046 йилгача узайтирилган) ва Қашқадарёдаги «Жануби-Ғарбий Ҳисор» (2007 йилда кучга кирган ва 36 йилга, 2043 йилгача мўлжалланган) бўйича Маҳсулот тақсимоти тўғрисидаги битимни (МТТБ) имзолаган.

«Лукойл»нинг Ўзбекистондаги энг йирик лойиҳаси — йиллик қуввати 8,1 млрд кубометр газни ташкил этувчи, умумий инвестицияси 3,5 млрд доллар бўлган Қандим газни қайта ишлаш комплекси ҳисобланади. Қандим комплекси Марказий Осиёдаги янги технологияларга эга энг йирик газни қайта ишлаш корхоналаридан бирига айланди.

«Лукойл» «Ўзбекнефтгаз»дан кейин Ўзбекистондаги иккинчи йирик газ ишлаб чиқарувчи ҳисобланади. 2024 йил 1 июнь ҳолатига кўра, компания томонидан қазиб олинган газнинг жамланган ҳажми аллақачон 134,4 млрд куб метрга етган. 2023 йилда у мамлакатнинг 13 та газ конида иш олиб борган. Лойиҳаларда давлат ҳамкор сифатида «Ўзбекнефтгаз» иштирок этади.

2021 йил 1 январь ҳолатига кўра, энг йирик тасдиқланган захиралар «Ўзбекнефтгаз» ихтиёрида бўлган — 934,1 млрд кубометр газ (жорий захираларнинг 50%). «Лукойл» 413,1 млрд куб метр газ захирасига эга конларда (22,1%), Uz-Kor Gas Chemical — 109,6 млрд кубометр (5,9%), Surhan Gas Chemical — 106,6 млрд (5,8%), Jizzakh Petroleum (ҳозирги Saneg) — 84,9 млрд кубометр (4,5%) конларда ишлаган.

Россия компанияси Ўзбекистонда ёқилғи қуйиш шохобчалари тармоғини ҳам очган. Компаниянинг Тошкентдаги биринчи АЁҚШи 2018 йилда очилган. 2024 йил апрель ойида Тошкентнинг шаҳар атрофи туманларида яна 2 та шохобча очилган.

«Лукойл» ҳозирча айнан қайси активларни сотишни режалаштираётгани ва санкциялар Ўзбекистондаги жорий лойиҳаларга қандай таъсир қилишини аниқлаштирмади.