
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси 2025 йил 16 сентябрдаги мажлисида Ўзбекистонда ислом молиясини жорий этиш бўйича қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилди.
Марказий банк раиси ўринбосари Аброрхўжа Турдалиевнинг хабар беришича, ҳужжат Президентнинг 2023 йил 5 сентябрдаги қарори (ПҚ-292) ва 2024 йил 30 августдаги фармони (ПФ-132) ижросини таъминлаш мақсадида МБ томонидан хорижий ва маҳаллий экспертлар кўмагида ишлаб чиқилган.
У ислом молиясининг ўзига хос тамойилларга асосланишини эслатди: маълум муддатга қўшимча мукофот (фоиз) эвазига пул қарз бериш, ислом динида рухсат этилмаган фаолиятни молиялаштириш, шунингдек, шартномаларда ҳаддан ташқари ноаниқликка йўл қўйиш тақиқланади. Ушбу тақиқларга риоя этилиши доимий назорат остида бўлиши керак.
«Шу муносабат билан, фаолиятнинг ислом молия стандартларига мувофиқлигини таъминлаш учун ислом банкларида Ислом молияси кенгаши, Ислом молияси бўлими ва Ислом молияси аудити ишини ташкил этиш зарур», — дея таъкидлади МБ раиси ўринбосари.
Бундан ташқари, ислом молиясида асосий усуллар сифатида савдо ва шериклик молиялаштириш ҳисобланади. Бироқ, «Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги қонуннинг 7-моддасига мувофиқ, банкларга тўғридан-тўғри савдо фаолияти билан шуғулланиш, юридик шахслар тузиш ёки уларнинг устав капиталида иштирок этиш тақиқланади, бу эса чекловлар қўяди.
Бундан ташқари, Солиқ кодексига кўра, товарларни реализация қилиш обороти ҚҚС солиш объекти сифатида эътироф этилади. Бу эса савдо орқали амалга ошириладиган ислом молиявий хизматларининг анъанавий молиявий хизматларга нисбатан қимматроқ бўлишига олиб келади.
Турдалиевнинг сўзларига кўра, ислом банкинги тўлақонли жорий этиш нафақат қонунчиликдаги чекловларни олиб ташлашга, балки институционал асосларни яратишга қаратилган комплекс ёндашувни талаб қилади.
Шу муносабат билан халқаро тажрибадан, жумладан, Малайзия, Туркия, БАА ва қўшни давлатлар тажрибасидан келиб чиқиб, Солиқ ва Фуқаролик кодексларига, шунингдек, 8 та қонунга қатор тузатишлар киритиш таклиф этилмоқда.
Унинг қўшимча қилишича, қонун лойиҳаси «ислом банк фаолияти», «ислом молия фаолияти», «ислом молия операциялари», «ислом молия стандартлари» ва «институционал депозит» тушунчаларини киритишни назарда тутади.
«Ислом банк фаолиятини юритиш ҳуқуқини берувчи лицензия киритилмоқда, шунингдек, уни олиш талаблари белгиланмоқда. Бу лицензия ҳам тўлақонли ислом банкини очишга, ҳам анъанавий банк доирасида “ислом дарчаси”ни яратишга имкон беради», — деди МБ раиси ўринбосари.
Шунингдек, асосий ислом молия операциялари: муробаҳа, мудораба, мушарака, вакала, салам аниқланмоқда. Исломий фаолият юритувчи банкларга тўғридан-тўғри савдо фаолияти билан шуғулланиш, юридик шахслар тузиш ва компанияларнинг устав капиталидаги улушларни чекловларсиз сотиб олишга рухсат бериш таклиф этилмоқда.
«Марказий банкда ва тижорат банкларида Ислом молияси кенгашлари тузилади. Марказий банкка кредит ташкилотлари учун ислом молия стандартларини тасдиқлаш, Ислом молияси кенгашларига талабларни белгилаш ва уларнинг аъзоларини баҳолаш ваколатлари берилади», — дея қайд этди Турдалиев.
Қонун лойиҳаси Ўзбекистонда ислом молия операциялари учун махсус солиқ режимини жорий этишни ҳам назарда тутади.
Унинг фикрича, ушбу ҳужжатнинг қабул қилиниши Ўзбекистонда халқаро стандартларга мувофиқ ислом банкини амалга ошириш учун зарур ҳуқуқий базани яратади.
«Бу, ўз навбатида, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига ислом молиявий хизматларини тақдим этувчи ислом банклари, ислом “дарчалари” ва ислом микромолия ташкилотларини ташкил этиш имконини беради. Натижада муқобил молиявий хизматлардан фойдаланиш имкониятлари кенгаяди, шунингдек, бизнесни молиявий қўллаб-қувватлашнинг янги воситалари жорий этилади», — деди Турдалиев.
Депутатлар қонун лойиҳасини биринчи ўқишда бир овоздан маъқуллади. Энди у иккинчи ва учинчи ўқиш учун қайта ишланиши ва Сенатга кўриб чиқиш учун юборилиши керак.
Эслатиб ўтамиз, 2018 йил май ойида муҳокамага қўйилган Президент қарори лойиҳасида Ўзбекистонда ислом банки ва молияси инфратузилмасини яратиш режалаштирилган эди.
Ҳужжатда фоиз кўринишидаги мукофотни (рибо) тақиқлашни жорий этиш, тадбиркор билан лойиҳадаги иштирок улушларига мутаносиб равишда фойда ва зарарни бўлишиш, ислом молиялаштириш тамойиллари асосида суғурта фаолиятини (такафул), лизинг фаолиятини (ижара), қимматли қоғозлар билан операциялар бўйича фаолиятни (сукук) ва бошқа операцияларни амалга ошириш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш назарда тутилган эди.
Бу масала ҳар йили, жумладан, Президентнинг тадбиркорлар билан учрашувларида ҳам муҳокама қилинган. «Ўзбекистон-2030» стратегиясида камида учта тижорат банкида ислом молиялаштириш мезонлари ва тартибларини жорий этиш ҳамда ислом молиялаштиришнинг қонунчилик асосларини шакллантириш вазифаси қўйилган.
Марказий банк раисининг собиқ ўринбосари Беҳзод Ҳамраев 2024 йил май ойидаёқ парламентга киритилиши режалаштирилган ислом банкинги тўғрисидаги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиши ҳақида гапирган эди.

