Ўзбекистон Энергетика вазирлиги «Ўрта Осиё — Марказ» газ қувури шикастланганини рад этди

«Газета.uz» хабар беришича, Ўзбекистон Энергетика вазирлиги Россия Ўзбекистонга газ етказиб берадиган «Ўрта Осиё — Марказ» газ қувури шикастлангани ҳақидаги хабарларни рад этди.

Украина ОАВлари манбаларга таяниб, 2 август куни Россиянинг Волгоград вилоятидаги портлашлардан сўнг, Россия ҳарбий-саноат мажмуасининг бир қатор корхоналари, жумладан, МИГ, «Магнум-к» ва бошқа заводларни энергия билан таъминлайдиган магистрал газ қувури ишдан чиққани ҳақида хабар тарқатган эди.

«Бу маълумот [газ қувури шикастлангани ҳақида] ҳақиқатга мос келмайди. Ўзбекистон Россиядан газ импорт қиладиган газ қувури одатдаги тартибда ишламоқда», — дея маълум қилди Ўзбекистон Энергетика вазирлиги матбуот хизмати.

Ўзбекистон томони Қозоғистон ва Россия диспетчерлик хизматлари билан боғланди — шикастланиш ҳақидаги хабарлар тасдиқланмади.

Tengrinews.kz Қозоғистон Энергетика вазирлигига таяниб, Қозоғистон ҳудуди орқали газ ташиш одатдаги тартибда амалга оширилаётганини хабар қилди.

«„Ўрта Осиё — Марказ“ магистрал газ қувуридаги ҳодисалар ҳақида маълумот тарқалиши муносабати билан шуни маълум қиламизки, Қозоғистон Республикаси ҳудудида газ транспортировкаси одатдаги тартибда амалга оширилмоқда. Транзит ва газ транспорт инфратузилмасининг ишлашида ҳеч қандай бузилишлар қайд этилмади», — дейилади идора хабарида.

Қозоғистон Энергетика вазирлигининг қўшимча қилишича, Қозоғистон ҳудуди орқали Ўзбекистон Республикасига табиий газ етказиб бериш белгиланган ҳажм ва жадвалларга мувофиқ амалга оширилмоқда.

«Ўрта Осиё — Марказ» — Россиянинг «Газпром» компанияси томонидан назорат қилинадиган, Туркманистондан Ўзбекистон ва Қозоғистон орқали Россияга ўтувчи газ қувурлари тизими. У 1960 йилдан 1988 йилгача бўлган даврда қурилган. Шарқий тармоқ Туркманистоннинг жануби-шарқий газ конларидан бошланадиган 1, 2, 4 ва 5-сонли қувурларни ўз ичига олади.

Дастлаб бу йўналиш бўйлаб Россияга ўзбек ва туркман гази етказиб берилган. 2023 йил октябрь ойидан бошлаб Ўзбекистон 4-қувур орқали реверс режимида Россия газини импорт қилишни бошлади. Туркманистон ва Россия газ етказиб беришни узайтириш бўйича келиша олмаганидан сўнг қолган 3 та қувур ҳозирда ишламаяпти.