
2025 йилда Ўзбекистон ҳудудида электрон хизматлар кўрсатувчи 78 та хорижий компания 181,3 млрд сўм солиқ тўлади, деб хабар берди Солиқ қўмитаси матбуот хизмати.
Ушбу кўрсаткич 115,8 млрд сўм солиқ тўланган 2024 йилга нисбатан 56 фоиздан кўпроққа ошган.
Йил давомида 8 та компания солиқ ҳисобидан чиқарилди, 23 та компания эса ҳисобга қўйилди. Натижада соф ўсиш 15 та компанияни, 2023 йилдан буён эса 37 та ташкилотни ташкил этди.
Аввалги ҳисобот давридан фарқли ўлароқ, Apple учинчи ўриндан юқорилаб, Meta’ни биринчи ўриндан тушириб юборди. Google ўз айланмасини оширган бўлса-да, иккинчи поғонадан учинчига тушди.
OpenAI (ChatGPT) компанияси илгари ҳатто ўнталикка ҳам кирмаган эди, энди эса бирданига тўртинчи ўринга кўтарилиб олди. Шу билан бирга, Amazon солиқ тўловчиси ўз мавқеини кескин йўқотди, Zoom эса ўнталикдан чиқиб кетди.
2025 йилнинг топ-10 солиқ тўловчи компаниялари ва уларнинг 2024 йилга нисбатан фарқи:
- Apple — 49,5 млрд сўм (+22,2 млрд);
- Meta (Facebook, Messenger, Instagram, WhatsApp, Oculus) — 49 млрд сўм (+7,3 млрд);
- Google — 44,4 млрд сўм (+15,41 млрд);
- OpenAI — 11,7 млрд сўм (+11,7 млрд; 2024 йилда йўқ эди, 2025 йил апрелида ҳисобга турган);
- Booking.com — 4,3 млрд сўм (+0,66 млрд);
- TikTok (2021 йилдан буён блокланганлигича қолмоқда) — 3,5 млрд сўм (+2,6 млрд);
- Netflix — 1,8 млрд сўм (+0,37 млрд);
- ACCA — 1,6 млрд сўм (+0,36 млрд);
- Xsolla — 1,5 млрд сўм (+0,53 млрд);
- Amazon — 1,4 млрд сўм (-2,73 млрд).
Ушбу компанияларнинг Ўзбекистондаги айланмасига келсак, TikTok ижтимоий тармоғи мамлакат ҳудудида блоклаб қўйилганига қарамай, ўсиш кўрсатаётгани эътиборга молик. 2021 йил июль ойидан буён ижтимоий тармоқ «Шархсий маълумотлар тўғрисида»ги қонунни бузувчилар реестрида бўлиб турибди. Ушбу қонун Ўзбекистон фуқароларининг шахсий маълумотлари қайта ишланадиган серверларни мамлакат ичида жойлаштиришни талаб қилади.
Компаниялар айланмаси:
- Apple — 413 млрд сўм (+185,86 млрд);
- Meta — 410,9 млрд сўм (+64,91 млрд);
- Google — 375 млрд сўм (+134,9 млрд);
- OpenAI — 57,7 млрд сўм (+57,7 млрд; 2024 йилда йўқ эди);
- Booking.com — 36,1 млрд сўм (+5,81 млрд);
- TikTok — 29,4 млрд сўм (+21,94 млрд);
- Netflix — 14,9 млрд сўм (+3,2 млрд);
- ACCA — 13,2 млрд сўм (+3,05 млрд);
- Xsolla — 12,9 млрд сўм (+4,86 млрд);
- Amazon — 13,9 млрд сўм (-19,5 млрд).
ҚҚС тўловчи хорижий интернет-компаниялар хизматларининг қиймати қарийб 1,5 трлн сўмга етди, бу 1 трлн сўмдан сал кўпроқ бўлган 2024 йилга нисбатан юқори. Ўсиш 478,9 млрд сўмни ёки 47,7 фоизни ташкил этди.
Apple, Meta ва Google Ўзбекистон рақамли хизматлар бозоридаги етакчи учликдаги ўрнини сақлаб қолди, бироқ биринчи компания ўз иштирокини мустаҳкамлади.
OpenAI компаниясининг йирик хорижий солиқ тўловчилар ўнталигида пайдо бўлиши бизнес ва фойдаланувчиларнинг СИ-сервисларга (сунъий интеллект) қизиқиши ортаётганидан далолат беради. Компания Ўзбекистонда солиқ ҳисобига 2025 йилнинг апрель ойида турган эди.
2026 йил январь ойида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси «Шахсий маълумотлар тўғрисида»ги қонунга маълумотларнинг айрим турларини хорижда қайта ишлаш ва сақлашга рухсат берувчи ўзгартиришларни учта ўқишда қабул қилди. Ушбу ҳужжат қабул қилинган тақдирда Apple Pay ва Google Pay тўлов тизимларини ишга туширишга имкон бериши мумкин.