Оксфорд университетида ўзбек ва эски ўзбек тиллари ўрганилади

Оксфорд университетининг Осиё ва Яқин Шарқ тадқиқотлари факультетида ўзбек ва эски ўзбек (чиғатой) тиллари ўрганилади. Бу ҳақда олийгоҳга ташриф буюрган Ўзбекистон Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева маълум қилди.

“Газета” манбаси аниқлик киритишича, бу Оксфордда Ўзбекистон томонидан давлат даражасида қўллаб-қувватланаётган ўзбек тилини ўрганиш бўйича биринчи дастур (2024 йил бошидан Оксфорд университетининг Волфсон колледжида ўзбек тили бўйича бошланғич даражадагилар учун бепул курслар таклиф қилинмоқда).

“Бу шунчаки академик дастур эмас. Мен чин дилдан ишонаманки, у Ғарб ва Шарқ, ўтмиш ва келажак, Ўзбекистон ва дунё ўртасида кўприк вазифасини ўтайди”, — деди у Оксфорддаги маросимда.

Саида Мирзиёевага университет томонидан “аёлларнинг таълим олишига бўлган имкониятини кенгайтиришга қўшган ҳиссаси, оилавий зўравонликни жиноий жавобгарликка тортиш ташаббуси ва фаол ҳамда намунали раҳбарлиги орқали аёлларни илҳомлантириш ва имкониятларини кенгайтириш борасидаги миссиясини амалга ошириш учун” мукофот топширилди.

У мукофотни “мамлакатимиз президенти раҳбарлигида Ўзбекистонда аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларнинг имкониятларини кенгайтириш борасида эришилган ютуқлар эътирофи сифатида қабул қилишини” таъкидлади.

Ўзбекистон делегацияси Оксфорд университетининг Бодлиан кутубхонаси билан танишди, у ерда ноёб қадимий китоблар – Мирзо Улуғбекнинг “Гурагон зижи”, Алишер Навоийнинг “Хамса”, Ҳусайн Бойқаронинг “Девони Ҳусайний”, Бобурлар даврига оид миниатюралар ва бошқа асарлар сақланади.

1602 йилда ташкил этилган Бодлиан кутубхонаси Европанинг энг қадимий кутубхоналаридан бири ҳисобланади. Унинг коллекциясида 13 миллиондан ортиқ китоб, архив ҳужжатлари, қўлёзмалар, жумладан, араб, форс, туркий, эски чиғатой тилларидаги асарлар мавжуд. Бино Гарри Поттер ҳақидаги фильмларни суратга олиш жойи сифатида ҳам танилган.

Саида Мирзиёева, шунингдек, Буюк Британия бош вазири ўринбосари ва адлия вазири Дэвид Лэмми билан учрашди. Улар инсон капиталини ривожлантириш ва Ўзбекистон мактабларида айрим Кембридж дастурларини жорий этиш, Оксфордда ўзбек тилини ўрганиш бўйича лойиҳаларни бошлаш ва инглиз тили ўқитувчиларини жалб қилиш масалаларини муҳокама қилдилар.

Эски ўзбек тили туркий тиллар гуруҳига киради. 1867 йилда тадқиқотчи Вамбери томонидан Европада нашр этилган чиғатой тили бўйича тарихдаги биринчи дарслик тайёрланган.

2017 йилда Ўзбекистоннинг Буюк Британиядаги собиқ элчиси Алишер Файзуллаевнинг Британия кутубхоналарида сақланаётган олимлар, мутафаккирлар, давлат арбоблари ва шоирлар асарларининг ноёб қўлёзмалари ҳақидаги мақоласини эълон қилган эди.