
Тошкент туманлараро иқтисодий суди 2025 йил 13 июнь куни Octobank ва Humans компанияси ўртасидаги иш бўйича қарор чиқарди, дея хабар берди банк матбуот хизмати.
Маълумотларга кўра, Humans компаниясига банк олдидаги 500 миллиард сўмдан ортиқ қарзни тўлаш мажбурияти юклатилган.
Octobank суд қарорини ўз қонуний ҳуқуқларини ҳимоя қилишда муҳим қадам деб атади ва барча ҳамкорлар билан «шаффоф ва адолатли муносабатларга» тайёр эканлигини билдирди.
Аввалроқ, 2025 йил 13 июнь соат 18:00 дан бошлаб, Octobank Humans молиявий хизмати доирасида чиқарилган карталар бўйича клиринг ва барча операцияларни тўхтатган эди.
Humans компанияси бир кун аввал «шартнома мажбуриятларини мунтазам равишда бажармагани» сабабли Octobank’га қарши даъво аризаси киритишини маълум қилган эди.
Ўзбекистонда Humans брендига эгалик қилувчи Сингапурнинг Humans Mobile компанияси май ойида Ўзбекистонга қарши арбитраж жараёнини бошлаган. У компаниянинг ҳуқуқлари бузилганида давлат органларини, жумладан, Марказий банк ва «Ўзбектелеком»ни айбламоқда. Компания зарарни қоплашни талаб қилмоқда, аммо суммаси ошкор этилмаган.
«Ўзбектелеком» виртуал операторнинг даъволарини рад этди ва Humans компания тармоғидан фойдаланиб даромад олишда давом этаётганини, аммо ўз мажбуриятларини тўлашни кечиктираётганини билдирди.