«Octagram» фирибгарлик операциялари «Humans Companies»’да амалга оширилганини маълум қилди

«Octagram» компанияси (Paylov савдо белгиси) Humans иловасига боғланган карталар билан боғлиқ ҳодисаларга изоҳ берди.

Аввал хабар қилинганидек, Ўзбекистон Марказий банки фуқароларнинг рухсатсиз пул ечиб олиниши ҳақидаги хабарларидан сўнг текширув бошлаган эди. Регулятор юзага келиши мумкин бўлган заифликни бартараф этиш мақсадида Humans орқали маблағ ўтказиш операцияларини тўхтатди ва барча шубҳали транзакцияларни ўрганаётганини маълум қилди.

Кейинчалик Humans рухсатсиз пул ечиб олиш имконини берган заифлик компания ҳамкори — «Octagram»’га тегишли бўлган Paylov тўлов сервиси томонида бўлганини айтган.

Ўз навбатида, Paylov «Octagram» ва «Humans Companies» компаниялари 2025 йил 10 апрелда шартнома имзолаганини, унга мувофиқ «Humans Companies» «Octagram» агенти сифатида ўз мижозларига тўлов хизматлари (тўловлар ва P2P-ўтказмалар) кўрсатишни бошлаганини эслатди.

«Octagram» маълумотларига кўра, 2025 йил 6 декабрь куни компания ходимлари «Humans Companies»’нинг масъул раҳбариятини компания тизимида шубҳали транзакциялар кузатилаётгани ҳақида огоҳлантирган ва бу транзакциялар вақтинча тўхтатилган.

«7 декабрь куни «Humans Companies» «Octagram» манзилига расмий хат юбориб, зарур чоралар кўрилгани ва фирибгарлик операциялари (фрод) олди олингани ҳақида хабар берган. Ушбу хатга асосан «Humans Companies» АЖ операцияларни қайта очишни сўраган», — дейилади Paylov баёнотида.

2025 йил 8 декабрь ҳолатига кўра, «Octagram» компанияси томонидан Humans мобил иловаси орқали тақдим этиладиган барча тўлов хизматлари вақтинча тўхтатилган.

Шу билан бирга, «Octagram» ҳеч қандай техник заифликка эга эмаслигини маълум қилди: «Фирибгарлик операциялари «Humans Companies» АЖ’да «Octagram» АЖ томонидан тақдим этилган шифрланган калитлардан фойдаланган ҳолда амалга оширилган ва уларни тўғри ҳамда хавфсиз сақлаш масъулияти «Humans Companies» АЖ зиммасида».

Компания, шунингдек, «Octagram»’нинг техник ечимларидан фойдаланадиган бошқа ҳамкорларда салбий вазиятлар кузатилмаганини қайд этди.

«Octagram» ҳам Humans каби барча зарур маълумотларни масъул органларга тақдим этаётганини, Марказий банк текшируви натижалари бўйича ҳуқуқ-тартибот органларига мурожаат қилишини билдирди.