«Жазо бузилишдан келадиган фойдадан сезиларли даражада юқори бўлиши керак». Бандлик вазирлиги норасмий бандлик учун жарималар ҳақида

Ўзбекистон Бандлик ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги норасмий бандликка йўл қўйган иш берувчилар учун жарималарни ошириш режаларини изоҳлади.

Президентнинг 2025 йил 4 августдаги фармонига кўра, Ўзбекистонда норасмий бандликка йўл қўйган иш берувчиларни маъмурий жавобгарликка тортиш, 30 БҲМ (12,36 млн сўм) миқдорида жарима солиш, такрорий бузилиш ҳолатида эса 100 БҲМ (41,2 млн сўм) миқдорида жарима қўллаш режалаштирилган.

Фармон матни эълон қилинганидан сўнг ижтимоий тармоқларда бу ташаббус коррупцияга олиб келиши ва аҳолининг расмий бандлигига салбий таъсир кўрсатиши мумкинлиги ҳақидаги фикрлар пайдо бўлди.

«Каинбек» блоги муаллифи Қобил Ҳидировнинг фикрича, ҳозирги шароитда норасмий бандликка қарши курашишнинг энг яхши йўли оқилона солиқ ставкаларидан фойдаланиш. «Таклиф этилаётган чора ҳам коррупцияга йўл очади», — деб ёзган.

Иқтисодчи Беҳзод Ҳошимов бу санкцияларни жорий этиш натижасида корхоналар ходим ёллашдан бош тортиши мумкинлигини таъкидлади.

«Коррупция масаласи алоҳида мавзу, бу қанчалик хавфли эканлиги ҳақида баҳслашиш мумкин. Аммо бу чоранинг натижаси корхона учун муқобил ечим — умуман одамларни ёлланмаслик бўлиши мумкин. Бандлик масаласи заргарона ёндашувни талаб қилади. Яъни, агар коррупция қандайдир даражада мавжуд бўлса, бандликка етказилган зарар камроқ бўлади. Агар у бўлмаса, зарар кўпроқ бўлиши мумкин», — деди.

Бандлик вазирлигининг позицияси

Бандлик вазирлиги ходимларни ишга расмийлаштирмаганлик учун жарималарнинг оширилиши бандликни қонунийлаштириш ва ходимлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган кенг қамровли ислоҳотнинг бир қисми эканлигини таъкидлади.

«Халқаро ва миллий амалиёт шуни кўрсатадики, назорат бюджетни тўлдириш усули эмас, балки ходимлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш воситасидир ва жазо чораси қоидабузарликдан келадиган фойдадан сезиларли даражада юқори бўлиши керак», — дейилади баёнотда.

Амалдаги қонунчиликда норасмий бандликка йўл қўйган иш берувчиларга нисбатан 5 дан 10 БҲМгача (2,06 дан 4,12 млн сўмгача) миқдорда маъмурий чоралар қўллаш назарда тутилган. Агар қоидабузар жарима солиш тўғрисидаги қарор топширилган кундан бошлаб 15 кун ичида жариманинг 50%ни ёки 30 кун ичида 70% ини ихтиёрий равишда тўласа, у қолган қисмини тўлашдан озод қилинади.

Кўп ҳолларда қоидабузарнинг меҳнат қонунчилигини бузишдан оладиган фойдаси жаримани тўлашдан кўрадиган зараридан сезиларли даражада юқори. Бу ҳуқуқбузарликларни бартараф этиш имкониятини чеклайди, деб ҳисоблайди Бандлик вазирлиги.

Вазирлик жазо миқдори «бузилишдан келадиган фойдадан сезиларли даражада юқори» бўлган хорижий мамлакатлар тажрибасига таянди.

Халқаро тажриба

Вазирлик маълумотларига кўра, Германия, Буюк Британия, Франция ва АҚШда норасмий бандлик учун молиявий жарималар билан бир қаторда 3 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси ҳам қўлланилиши мумкин. МДҲ давлатларида бу турдаги ҳуқуқбузарликлар учун қуйидаги жарималар назарда тутилган: Беларусда — 915 доллардан 2980 долларгача, Россияда корхона ва ташкилотлар учун — 629 доллардан 1258 долларгача, Қозоғистонда — 466 доллардан 1550 долларгача.

Шу билан бирга, норасмий бандлик учун жарима тадбиркорлик субъектига эмас, балки ходимларнинг қонунчиликда белгиланган меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида бевосита иш берувчига қўлланилади.

Масалан, норасмий меҳнат муносабатларига киришаётган фуқаролар учун қуйидаги салбий оқибатлар мавжуд:

  • расмий ҳимоя ва эътирофнинг йўқлиги (шу жумладан, ҳомиладорлик ва туғиш таътили, бола парвариши, ҳақ тўланадиган таътил, зарарли шароитларда ишлаганлик учун компенсациялар ва бошқалар);
  • паст даромад ва иш ҳақи;
  • меҳнатни муҳофаза қилиш ва хавфсизликнинг йўқлиги;
  • иш вақти нормаларига риоя қилмаслик;
  • пенсияга чиқишда ва кексаликда юзага келадиган муаммолар.

Президент фармони

Бугунги кунда мамлакатимиздаги 14,213 миллион нафар меҳнатга лаёқатли ёшдаги аҳолининг 94% иш билан банд бўлиб, шундан 5,5 миллион киши (38,8%) норасмий секторда меҳнат қилади. Уларнинг 88,6%га яқини қуйидаги соҳаларга тўғри келади:

  • қурилиш — 147 009 (2,7%);
  • умумий овқатланиш — 133 665 (2,4%);
  • қишлоқ хўжалиги — 3 120 851 (56,6%);
  • хизмат кўрсатиш соҳаси — 1 478 408 (26,8%).

Президентнинг қабул қилинган фармони норасмий бандликка қарши курашнинг тўртта асосий йўналишига эътибор қаратади.

Қоидабузарликларнинг олдини олиш. 50 нафаргача ходимга эга иш берувчилар учун ишга қабул қилиш ва ишдан бўшатишнинг соддалаштирилган тартиблари жорий этилди, бу айниқса хизмат кўрсатиш, қурилиш ва қишлоқ хўжалиги соҳалари учун долзарб масала. Энди меҳнат шартномалари Face-ID ва намунавий шакллардан фойдаланган ҳолда тузилиши мумкин. Бу маъмурий тўсиқларни камайтириши ва меҳнат муносабатларини расмийлаштиришни рағбатлантириши керак.

Қонунийлаштириш учун рағбатлар. Ишсизлик нафақаси энди фақат меҳнат стажи мавжуд бўлган тақдирда тўланади, бу фуқароларни расмий ишга жойлашишга ундаши кутилмоқда. Бир қатор субсидияларни, масалан, уй-жой учун субсидияларни олиш ҳам тасдиқланган даромадга бевосита боғлиқ. Бундан ташқари, 2019 йилдаги солиқ ислоҳоти натижасида «иш ҳақи фондига юклама сезиларли даражада камайтирилди», бу эса «соя»га ўтиш истагини камайтирди.

Маълумот учун: фуқаролардан ундириладиган суғурта бадаллари (иш ҳақи фондининг 8%) бекор қилинди ва ижтимоий тўлов ставкаси 15%дан 12%га туширилди. Шунингдек, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг 12% ставкали текис шкаласи жорий этилди (максимал ставкаси 22,5% бўлган уч поғонали прогрессив шкала ўрнига).

«Шу билан бирга, агар солиқ ставкалари меҳнат шартномаларини расмийлаштирмасликнинг асосий сабабларидан бири бўлганида эди, унда ҳамма энг кам иш ҳақи (1,27 млн сўм) миқдоридаги иш ҳақи билан меҳнат шартномаларини тузар эди, меҳнат шартномаларисиз фаолият юритмас эди», — дея таъкидлади Бандлик вазирлиги.

Жазонинг муқаррарлиги. Расмийлаштирмаслик ҳолатларининг ҳар қандай аниқланиши жавобгарлик чораларини қўллашни ўз ичига олиши ва иш берувчиларга жазо улардан ўтиб кетиши мумкин деб ўйлаш имкониятини бермаслиги керак. Бунинг учун барча текширув тадбирларининг ҳисоби юритилиши ва уларнинг натижалари ягона маълумотлар базасига мажбурий киритилиши ташкил этилган. Бошқа органлар билан электрон ўзаро ҳамкорликка асосланган хавфни таҳлил қилиш тизими жорий этилмоқда. Бу текширувлар самарадорлигини ошириш ва масалани норасмий ҳал қилиш имкониятини камайтириш имконини бериши керак.

Расмий бандликни тарғиб қилиш. Вазирлик фуқароларга расмий меҳнат муносабатларининг афзалликларини, айниқса саломатлик учун юқори хавфли соҳаларда ишловчилар учун етказиш муҳим деб ҳисоблайди.

Давлат органи маълумотларига кўра, қатъий назорат чоралари ва бандликни қонунийлаштириш учун рағбатлантиришларнинг уйғунлиги қуйидагиларга имкон беради:

  • норасмий бандлик даражасини пасайтириш;
  • меҳнат муносабатларининг шаффофлигини ошириш;
  • текширувлар чоғида коррупция хавфини минималлаштириш;
  • ходимларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш.