
Марказий банк бошқаруви 28 январдаги йиғилишда асосий ставкани йиллик 14% даражасида сақлаб қолиш тўғрисида қарор қабул қилди. Регулятор пул-кредит сиёсатининг амалдаги қаттиқлиги инфляцияни барқарор пасайтириш учун зарур эканлигини таъкидлади.
МБ 2025 йилда иқтисодий фаоллик кутилганидан юқори бўлганини, бунда барқарор ялпи талаб асосий рол ўйнаганини кўрсатиб ўтди. Бунда инфляция пасайиш динамикасини давом эттирди, товарлар нархи ўсишининг секинлашиши эса кенг кўламли характер касб этди.
Шу билан бирга, инфляцион хавфлар сақланиб қолмоқда. Гап талаб омиллари билан боғлиқ хизматлар соҳасидаги юқори инфляция, шунингдек, айрим озиқ-овқат товарлари нархининг ошиши ҳақида бормоқда. Ушбу шароитда, регулятор баҳосига кўра, қаттиқ пул-кредит шароитларининг сақланиши инфляцияни барқарор пасайиш траекториясида ушлаб туриш имконини беради.
Марказий банк келгуси чоракларда инфляция ва инфляцион кутилмаларнинг янада барқарор секинлашиши, шунингдек, тартибга солинадиган нархларнинг ўзгаришини ҳисобга олган ҳолда, келажакда асосий ставкани пасайтириш имкониятини истисно қилмади.
Инфляция ва кутилмалар
2025 йил декабрь якунлари бўйича умумий инфляция йиллик ҳисобда 7,3% гача пасайиб, прогноз кўрсаткичлари (7-8%) доирасида бўлди. Бунга қаттиқ пул-кредит шароитлари, айирбошлаш курсининг мустаҳкамланиши ва импорт нархларининг пасайиши фонида базавий инфляциянинг секинлашиши сезиларли ҳисса қўшди. Декабрь ойида базавий инфляция 5,7% ни ташкил этди.
Шу билан бирга, хизматлар инфляцияси ҳамон умумий инфляция даражасидан юқори бўлиб қолмоқда, инфляцион кутилмалар эса декабрдаги пасайиш давридан сўнг бироз ўсишни кўрсатди. МБ баҳосига кўра, ушбу омиллар қаттиқ сиёсатни узоқроқ вақт давомида сақлаб туришни талаб этади.
Янгиланган прогнозларга кўра, 2026 йил якуни бўйича инфляция 6,5% атрофида бўлиши кутилмоқда.
Иқтисодий динамика ва ташқи шароитлар
Марказий банк юқори инвестиция фаоллиги, фискал харажатлар ва пул ўтказмаларининг ўсиши 2026 йилда аҳоли даромадлари ва истеъмол талабини қўллаб-қувватлашда давом этишини қайд этади.
Шу билан бирга, айрим озиқ-овқат товарлари таклифи билан боғлиқ хавфлар ва қиш давридаги таъминотдаги эҳтимолий узилишлар яқин ойларда нархларга оширувчи босим кўрсатиши мумкин.
Ташқи муҳитда, сақланиб қолаётган ноаниқликка қарамай, умумий таъсир мўътадил деб баҳоланмоқда. Асосий савдо ҳамкор давлатларда инфляция пасайиш трендига ўтди, жаҳон иқтисодиётининг ўсиши эса кутилганидан юқори бўлди. Қимматбаҳо металлар (олтин) нархининг юқори даражаси экспорт тушумлари ва бюджет даромадларини қўшимча қўллаб-қувватлашда давом этиши прогноз қилинмоқда.
Курс ва молиявий шароитлар
Экспорт тушумлари, ташқи қарзлар ва пул ўтказмалари ҳисобига чет эл валютаси таклифининг қўллаб-қувватланиши 2025 йилда сўмнинг 6,9% га мустаҳкамланишига хизмат қилди.
Бу импорт қилинадиган инфляция босимини, долларлашув даражасини ва ташқи қарзга хизмат кўрсатиш харажатларини камайтирди. Яқин ойларда регулятор қулай ташқи шароитлар сақланиб қолишини ва реал самарали айирбошлаш курсининг мувозанатли даражада шаклланишини кутмоқда.
Банк тизимидаги ликвидлик профицити шароитида уни абсорбция қилиш бўйича фаол операциялар пул бозори ставкаларини асосий ставкага яқин — 13,5-13,8% даражасида ушлаб туриш имконини берди. Ижобий реал фоиз ставкалари миллий валютадаги жамғармаларни рағбатлантиришда ва пул-кредит шароитларининг қаттиқлигини қўллаб-қувватлашда давом этмоқда.
Марказий банк баҳосига кўра, жорий иқтисодий ва инвестициявий фаоллик сақланиб қолган тақдирда, 2026 йилда ЯИМ ўсиши 6,5-7% атрофида бўлиши кутилмоқда.
Регулятор инфляция динамикаси, инфляцион кутилмалар, ялпи талаб ва ташқи хавфларни бундан буён ҳам диққат билан кузатиб боришини таъкидлади. Пул-кредит сиёсати инфляцияни ўрта муддатли истиқболда 5% лик мақсадли кўрсаткичгача пасайтиришга, макроиқтисодий барқарорликни таъминлашга ва аҳолининг харид қобилиятини сақлашга қаратилган.