2024/2025 мавсумининг 24-туридан сўнг “Барселона” Ла Лигада пешқадамликни қўлга киритди. Бунга “Райо Вальекано” устидан 1:0 ҳисобидаги ғалаба сабаб бўлди.
Учрашувдаги ягона голни 28-дақиқада Роберт Левандовский пенальтидан киритди. Пенальти “Райо” ҳимоячиси Пате Сисснинг Иниго Мартинесга нисбатан қўпол ўйинидан кейин белгиланди.
Бу ғалаба “Барселона”га 51 очко тўплаш имконини берди ва жамоа “Реал Мадрид” билан очколар бўйича тенглашди. Аммо каталонияликлар тўплар нисбати бўйича рақибларидан устун келди. “Атлетико Мадрид” эса 50 очко билан учинчи ўринда бормоқда.
Учрашув “Барселона” учун осон кечмади. Ханси Флик шогирдлари тўпни кўпроқ назорат қилган бўлса-да, “Райо Вальекано” бир неча хавфли вазиятлар яратди. Айниқса, “Барса” дарвозабони Войцех Шченснийнинг мукаммал сейвлари жамоани қутқарди. Шунингдек, баҳс давомида бир нечта баҳсли ҳакамлик қарорлари ҳам қайд этилди, жумладан, “Райо”нинг офсайд сабаб бекор қилинган голи ва эҳтимолий пенальтилар.
“Барселона”нинг пешқадамликка қайтиши жамоанинг охирги турлардаги муваффақиятли ўйинлари туфайли амалга ошди. 2025 йил 25 январда “Барса” “Реал”дан 10 очко ортда эди, аммо кетма-кет ғалабалар, шу жумладан, “Валенсия” устидан 7:1 ҳисобидаги йирик ғалаба, “Алавес” ва “Райо Вальекано” устидан ишончли ютуқлар жамоани пешқадамга айлантирди.
