Кредитлар, ипотека ва ўқиш учун имтиёзлар. Президент Ўзбекистонда педагогларни қўллаб-қувватлаш бўйича янги чоралар ҳақида

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2025 йил 15 сентябрь куни Бўстонлиқ туманида ўқитувчи ва мураббийлар билан учрашувда педагогларни қўшимча қўллаб-қувватлашга қаратилган бир қатор янги ташаббусларни илгари сурди, дея хабар берди унинг матбуот котиби Шерзод Асадов.

Янги йилдан бошлаб 15 йилдан кам бўлмаган стажга эга олий тоифали педагогларга ипотека кредитлари бўйича дастлабки тўловнинг 25% компенсация қилинади. Бундан ташқари, келгуси ўқув йилидан бошлаб давлат олий ўқув юртларига ўқишга кирган ўқитувчиларнинг фарзандларига контракт тўлови учун 30% чегирма берилади.

Педагоглар янги таълим технологияларини фаолроқ жорий этишлари учун уларга 10 миллион сўмгача миқдорда компьютер сотиб олиш учун имтиёзли кредит тақдим этилади. Шу билан бирга, 2026 йилдан бошлаб ўқитувчилар учун давлат хизматлари тўлови икки баравар қисқартирилади. Эндиликда фан ўқитувчилари қаторида бошланғич синф ўқитувчилари ҳам миллий сертификат олишлари мумкин бўлади. Сертификат эгаларига ойлик маошига 15% миқдорида қўшимча устама бериш назарда тутилган.

Алоҳида чоралар битирувчиларга ҳам тегишли: бакалавриатни аъло баҳолар билан тамомлаган ва мактабларга ишга жойлашган ёш мутахассислар автоматик равишда иккинчи малака тоифасини, магистратура битирувчилари эса биринчи тоифани оладилар.

Жаҳоннинг топ-300 университетига ўқишга кирган педагоглар 20 минг долларгача миқдорда имтиёзли таълим кредитларидан фойдаланишлари мумкин бўлади. Мамлакатнинг энг нуфузли ўқув муассасаларида — топ-100 мактаб ва болалар боғчалари, топ-20 техникумлар ва топ-10 олий ўқув юртларида ишлайдиган ўқитувчилар учун йилига бир марта Ўзбекистон бўйлаб самолёт ва поезд чипталарига 15-20% чегирма тақдим этилади.

«Бугун, Янги Ўзбекистонда Учинчи Ренессанс пойдеворини қуришдек буюк ва шарафли ишни бошлаётиб, биз аввало сизларга, азиз устозлар, ва сизларнинг истеъдодли шогирдларингизга суянамиз. Чуқур ишонаман: сизлар билан биргаликда самимий меҳнат қилсак, Янги Ўзбекистон тараққиёти мўъжизасини яратишга албатта қодирмиз», — деди Шавкат Мирзиёев.

2024 йил июнь ойида Президентга шу йил сентябрь ойидан бошлаб олий ва биринчи малака тоифасига эга ўқитувчиларнинг иш ҳақи миқдорини ошириш режалари ҳақида маълум қилинган эди. Ўзбекистонда ўтган йили 190 мингдан ортиқ ўқитувчи иштирок этган янги аттестация тизими жорий этилган, аттестация якунлари бўйича 51 минг ўқитувчининг тоифаси оширилган. Август ойида 5 нафар она тили ва адабиёти фани ўқитувчиси вазирлик ҳузуридаги Педагогик маҳорат ва халқаро баҳолаш илмий-амалий марказини судга берган ва педагогларнинг малака тоифасини бериш бўйича ўтказилган аттестация натижаларини ноқонуний деб ҳисоблаган эди. Шунингдек, тарих фанидан тўрт нафар ўқитувчи аттестация натижаларини қайта кўриб чиқишни сўраган.