
Ўзбекистонда кўкрак сути билан озиқлантиришни қўллаб-қувватлаш бўйича миллий дастур қабул қилинади. Бу ҳақда Президент ҳузуридаги Стратегик ислоҳотлар агентлиги ходими Дилфуза Ниёзова «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, сўнгги 3-4 йил ичида Ўзбекистонда янги туғилган чақалоқлар ва кичик ёшдаги болаларни кўкрак сути билан озиқлантириш даражаси сезиларли даражада пасайган. Шу муносабат билан кўкрак сути билан озиқлантиришни қўллаб-қувватлаш дастури тайёрланган.
«Унинг мақсади, биринчи навбатда, оналар, оилалар ва аҳолининг кўкрак сутининг афзалликлари ҳақидаги хабардорлигини оширишдан иборат. Бундан ташқари, халқаро кўкрак сути билан озиқлантириш бўйича маслаҳатчиларни тайёрлаш, шунингдек, педиатрия, акушер-гинекология, оилавий шифокорлар, патронаж ҳамширалар каби тиббиёт ходимларини Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) ва ЮНИСЕФнинг клиник протоколлари асосида ўқитиш ва тайёрлаш кўзда тутилган», — деди.
Мутахассис, шунингдек, мамлакатда аввал мавжуд бўлган, бир қатор перинатал марказларда кўкрак сути билан озиқлантиришни қўллаб-қувватлаш сертификатларини бериш амалиётини қайта тиклаш режалаштирилганини маълум қилди.
«Дастур доирасида ЖССТ талаблари ва Codex Alimentarius стандартларига мувофиқ 18 та санитария қоидалари ва нормалари (СанПин) янгиланади. Бу шуни англатадики, бундан буён болаларни қўшимча сунъий озиқлантириш учун мўлжалланган озиқ-овқат маҳсулотлари халқаро талаблар ҳисобга олинган ҳолда тайёрланади ва тавсия қилинади», — дея таъкидлади Ниёзова.
Соғлиқни сақлаш вазирлигининг болалар диетологияси бўйича бош мутахассиси Нилуфар Аҳмедова кўкрак сути билан озиқлантириладиган болалар улушини ошириш бўйича чора-тадбирлар белгиланганини маълум қилди.
«Бугунги кунда болаларнинг 75% туғилгандан кейинги дастлабки соатларда кўкракка қўйилади, аммо 6 ойликкача бўлган чақалоқларнинг атиги 25% фақат кўкрак сути билан озиқланади. 2030 йилгача бу улушни 70%га етказиш мақсади қўйилган», — деди.
Бунинг учун, унинг сўзларига кўра, Соғлиқни сақлаш вазирлиги кўкрак сути билан озиқлантириш тўғрисидаги қонунчиликка тузатишлар киритиш бўйича қонун лойиҳасини тайёрлади, шунингдек, тиббиёт ходимларининг билимини ошириш учун ахборот материалларини ишлаб чиқишни режалаштирмоқда.
Бундан ташқари, кичик ёшдаги болаларни озиқлантиришга тааллуқли меъёрий ҳужжатлар, шунингдек, болалар озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш, ташиш, экспорт ва импорт қилишга бўлган талаблар қайта кўриб чиқилади.
«230 та перинатал марказ ва туғруқхонада кўкрак сути билан озиқлантириш учун шароит яратадиган муассаса мақомини бериш бўйича сертификатлаш ўтказилади. Бу тизим ҳам жорий этилади», — дея қўшимча қилди Аҳмедова.
Президент иштирокидаги йиғилишда, шунингдек, мамлакатда сут ўрнини босувчи маҳсулотлар рекламасини чеклайдиган қонунчиликка тузатишлар тайёрланаётгани маълум бўлган эди.