Марказий Осиё ва Озарбайжон давлат раҳбарлари Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди

Минтақа давлат раҳбарларининг еттинчи Маслаҳат учрашувида иштирок этиш учун Тошкентда бўлиб турган Марказий Осиё мамлакатлари ва Озарбайжон президентлари 2025 йил 15 ноябрь куни Ўзбекистон президенти ҳамроҳлигида Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабар берди.

Озарбайжон президенти Илҳом Алиев, Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев, Қирғизистон президенти Садир Жапаров, Тожикистон президенти Эмомали Раҳмонлар президент Шавкат Мирзиёев ҳамроҳлигида Қуръони Каримнинг энг қадимги қўлёзмаларидан бири – Усмон Мусҳафи сақланаётган Муқаддас Қуръон залини кўздан кечирдилар.

Президентлар «Исломгача бўлган цивилизациялар», «Биринчи Ренессанс даври», «Иккинчи Ренессанс даври» ва «Янги Ўзбекистон – янги Ренессанс» бўлимлари билан танишдилар. Уларда Имом Бухорий, Имом Термизий, Абу Мансур Мотуридий, Баҳоуддин Нақшбанд ва бошқа атоқли мутафаккирларнинг илмий ва маънавий мероси тақдим этилган. Экспозицияларда шунингдек, Сомонийлар, Қорахонийлар, Хоразмшоҳлар, Темурийлар ва бошқа сулолалар даврига оид қўлёзма нашрлар, уларнинг эски ўзбек тилига таржималари ҳам мавжуд.

Айнан шу ерда Ўзбекистон томонидан таъсис этилган янги халқаро «Келажак мероси» мукофоти лауреатларини тақдирлаш маросими ҳам бўлиб ўтди.

Мукофотдан мақсад – адабиёт, маданият, санъат, фан, таълим ва рақамли технологиялар соҳаларида муваффақиятга эришган миллий ва хорижий ижодкор зиёлилар вакилларини рағбатлантириш.

Биринчи танлов ғолиблари Марказий Осиё мамлакатлари ва Озарбайжон вакиллари бўлди: «Адабиёт» номинациясида – ТУРКСОЙ бош котиби, Қирғизистон халқ ёзувчиси Султон Раев, «Маданият» номинациясида – Тожикистон халқ шоири Давлат Сафарзода, «Театр ва кино» номинациясида – Қозоғистоннинг М.Авезов номидаги Миллий драма театри артисти Еркебулан Дайиров, «Мусиқа ва рақс» номинациясида – Озарбайжон халқ артисти Алим Қосимов, «Тасвирий ва амалий санъат» номинациясида – Туркманистон халқ рассоми Бабасари Аннамирадов, «Фан, таълим ва рақамли технологиялар» номинациясида – Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги халқаро марказ директори ўринбосари, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори Дилафрўз Эгамбердиева.

Лауреатларга мукофот ҳайкалчаси, диплом ва 10 минг АҚШ доллари миқдоридаги пул мукофоти топширилди.