
Ўзбекистон Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Тараққиёт дастури (БМТТД) томонидан тайёрланган Инсон тараққиёти индексида (ИТИ) дунёнинг 193 мамлакати ва ҳудуди орасида 107-ўринни эгаллади. Ўтган йилги рейтингдан кўра мамлакат бир поғона пастлади.
Мамлакатлар инсон тараққиётининг учта асосий кўрсаткичи бўйича баҳоланди: кутилаётган умр кўриш давомийлиги, кутилаётган ва ҳақиқий ўқиш давомийлиги ҳамда аҳоли жон бошига харид қобилияти паритети бўйича ялпи миллий даромад кўрсаткичи.
Ўзбекистоннинг инсон тараққиёти индекси 0,740 ни ташкил этди (максимал қиймат — 1,000). Мамлакат юқори ИТИга эга давлатлар тоифасида қолмоқда. Рейтингда Ўзбекистон Жанубий Африка ва Боливия ўртасида жойлашди.
Марказий Осиё мамлакатлари орасида Қозоғистон индексда 60-ўринни эгаллаб, жуда юқори ИТИга эга давлатлар тоифасига кирди. Туркманистон ва Қирғизистон мос равишда 95 ва 117-ўринларни эгаллади (юқори ИТИга эга давлатлар гуруҳи). Тожикистон эса, ўтган йиллардаги каби, ўрта даражадаги тараққиётга эга давлатлар тоифасига кириб, 128-ўринни эгаллади.
Индексда Исландия етакчи бўлди. Шунингдек, Норвегия, Швейцария, Дания ва Германия биринчи бешликка кирди.
Ҳисоботда нима дейилган?
БМТТДнинг янги ҳисоботи “Танлаш масаласи. Сунъий интеллект давридаги одамлар ва имкониятлар” деб номланади. Ҳисобот муаллифларининг қайд этишича, инсон тараққиётидаги ўсиш дунёнинг барча минтақаларида “мисли кўрилмаган секинлашишни” бошдан кечирмоқда. Паст ва жуда юқори индексга эга мамлакатлар ўртасидаги фарқ тўртинчи йилдирки кетма-кет ўсмоқда.
“Ишлаб чиқариш секторини кенгайтириш ва халқаро бозорларга экспорт қилиш орқали оммавий иш ўринларини яратиш ва қашшоқликни камайтиришни таъминлаган тараққиёт йўллари торайиб бормоқда. Ҳозир мамлакатлар уч томонлама босимга дуч келмоқда: ташқи молиялаштиришнинг етишмаслиги, ишлаб чиқаришдаги имкониятларнинг қисқариши (қисман автоматлаштириш туфайли) ва савдо кескинлиги фонида экспорт истиқболларининг чекланиши”, — дейилади ҳисоботда.
Экспертларнинг фикрича, бундай шароитда сунъий интеллект ривожланишнинг олдиндан тахмин қилиб бўлмайдиган омилидир. Ҳисобот доирасида ўтказилган глобал сўров шуни кўрсатдики, барча мамлакатларда — паст, ўрта ва юқори ИТИга эга мамлакатларда — сунъий интеллектдан фойдаланиш аллақачон кенг тарқалган (тахминан респондентларнинг 20%) ва прогнозларга кўра, тез суръатлар билан ўсади.
Ҳисобот муаллифларининг фикрича, сунъий интеллект билан ўзаро таъсир жамиятларни “айрилиш йўлига” қўймоқда, унинг ҳаракат траекторияси икки омилга боғлиқ бўлади:
- сунъий интеллектнинг муайян жамият учун қай даражада очиқлиги;
- жамиятнинг сунъий интеллектга муносабати ва ундан фойдаланиши.
Ҳисоботда сунъий интеллект ёрдамида инсон тараққиётига кўмаклашишнинг учта йўналиши белгиланган:
- Одамлар ва сунъий интеллект рақобат эмас, ҳамкорлик қилиш учун кўпроқ имкониятлар топиши учун ўзаро тўлдирувчи иқтисодиётни яратиш;
- Инсонлар учун имкониятлар иккинчи даражали вазифа эмас, балки сунъий интеллектни ишлаб чиқиш ва жорий этишнинг ажралмас қисми бўлиши учун инновацияларни мақсадли рағбатлантириш;
- Одамлар сунъий интеллект дунёсида тўлақонли ҳаёт кечириш ва ўз салоҳиятини рўёбга чиқариш имкониятларига эга бўлиши учун асосий кўникмаларга инвестиция киритиш.