Иқтисодчи: IMEI-кодларни рўйхатга олиш тизими Ўзбекистонга миллиардлаб долларга тушмоқда

Нью-Йорк университетининг Абу-Дабидаги (БАА) профессори Беҳзод Ҳошимов ва Далласдаги Техас университети профессори Ботир Қобилов Uzbekonomics подкастида Ўзбекистонда IMEI-кодларни рўйхатга олиш тизимининг фуқаролар ҳаётига таъсирини муҳокама қилдилар.

Мобил қурилмаларни IMEI-код бўйича рўйхатга олиш амалиёти 2019 йилдан жорий этилган бўлиб, 2024 йилдан бошлаб уларни Ўзбекистонга олиб киришда мажбурий божхона декларациясини тўлдириш талаб этилади. Агар декларация тўлдирилмаган бўлса, UZIMEI тизимида қурилмани рўйхатга олиш учун қурилманинг божхона қийматининг 30% миқдорида тўлов ундирилади.

Сўнгги пайтларда ижтимоий тармоқларда рўйхатга олиш билан боғлиқ муаммолар ва бюрократик мураккабликлар кенг муҳокама қилинмоқда. «Uzimei.uz, My.gov.uz сайтлари ва Birda иловаси орқали рўйхатга олиш имконияти чекланганлиги сабабли, баъзи ҳолларда хизматлар нархи сунъий равишда оширилмоқда», — дейилади Қобул Турсуновнинг 8 июлдаги сенатор сўровида.

Унинг сўзларига кўра, иккинчи SIM-карта учун алоҳида IMEI-кодни рўйхатга олиш талаби, шунингдек, ушбу жараённи фақат қурилма дастлаб рўйхатга олинган жойда амалга ошириш зарурати фуқаролар учун қўшимча қийинчиликлар ва ортиқча молиявий харажатлар келтириб чиқармоқда.

У рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматовга сенатор сўровини юборган.

UZIMEI тизими ва протекционизм

Беҳзод Ҳошимовнинг сўзларига кўра, UZIMEI муҳокамаси яна протекционизм мавзусини кўтармоқда.

«Эсингизда бўлса, 2017 йилдан бошлаб жисмоний шахслар учун товарларни божхона тўловларисиз олиб кириш лимитлари одамларнинг чегарадан ўтиши қийинлашгани сабабли оширилган эди. Асосий сабаб шундаки, Ўзбекистонда товарлар хорижга нисбатан қимматроқ, шунинг учун одамлар уларни чет элдан олиб кирадилар», — деди у.

Иқтисодчининг таъкидлашича, нормал вазиятда чўнтакда олиб келинган совун дўкондаги совундан арзон бўлмаслиги керак.

«Ҳеч ким телевизорни Белгиядан Норвегияга судраб бормайди. Чунки йирик импортчилар телевизорларни бутун КамАЗларда олиб келадилар, сиз эса биттасини қўлингизда. Ҳажм қанча катта бўлса, шунча арзонга тушади», — дея қайд этди Ҳошимов.

Унинг айтишича, ўзи Тошкент вилоятининг Қозоғистон билан чегарасида жойлашган «Ғишткўприк» божхона постида одамлар Ўзбекистондаги юқори нархлар туфайли чўнтакларида кунгабоқар ёғини олиб кираётганига гувоҳ бўлган.

«Мен енгил юрганим учун ҳатто уларнинг товарини олиб ўтишни сўрашган. Нархлар ўртасидаги фарқ шунчалик катта. Энди эса буни тўхтатиш учун шундай чоралар кўрилмоқда. Албатта, бунда божхоначиларнинг айби йўқ. Эътирозларни савдо сиёсатига — яъни Ташқи савдо вазирлигига йўналтириш керак», — дея қўшимча қилди.

Унинг фикрича, агар одамлар товарларни чўнтакларида ёки самолёт юкида олиб киришга мажбур бўлса, бу жиддий муаммо мавжудлигидан далолат бериши керак.

«Самолёт — дунёдаги энг қиммат транспорт тури. Аммо агар бирор нарсани самолётда етказиб бериш темир йўл ёки юк машинасида етказиб беришдан арзонроққа тушса, демак, ўша телевизор нархлари билан нимадир нотўғри. Нега биз IMEI ҳақида алоҳида гапиряпмиз? Телевизор ёки кондиционерда ўчириб қўйиш мумкин бўлган ноёб код йўқ. Аммо бож тўланмасдан олиб кирилган телефонни ўчириб қўйиш мумкин. Давлат регуляторнинг қўли етадиган нарсаларни чеклашга ҳаракат қилмоқда», — дея ҳисоблайди иқтисодчи.

Ҳошимов яна бир мисол келтирди — АҚШдан олиб кирилган дори-дармонлар божхонада қайта ҳисобланадиган ҳолатлар.

«Ўзингиз ўйлаб кўринг: агар одам АҚШдаги дўконда дори сотиб олса, уни самолётда олиб келса ва Ўзбекистонда арзонроққа сота олса, демак, Ўзбекистонда дорилар ҳақиқатан ҳам шунчалик қиммат. Мен, масалан, АҚШдан С витаминини олиб келаман — чунки бу ҳақиқатан ҳам арзонроқ», — дея қайд этди Нью-Йорк университетининг Абу-Дабидаги профессори.

Унинг таъкидлашича, агар иқтисодий нуқтаи назардан оддий дорихонадаги дори хориждан олиб келинган аналогга қараганда қимматроқ бўлса, бу қонуний савол туғдиради: ўзбекистонликлар дори-дармонлар учун қанча тўлашади?

«Ҳозир АҚШдан олиб келинган витаминлар туфайли ҳар бир флакон текширилмоқда. Бу саёҳатчи сифатида менинг ҳаётимни аллақачон мураккаблаштирмоқда, аммо янада муҳими бошқа нарса: бола учун дори сотиб олиш шунчалик қиммат бўлиши керакми?» — деди Беҳзод Ҳошимов.

Иқтисодчи, шунингдек, фуқаролар ушбу тизим учун нафақат пул билан, балки умрларининг вақти билан ҳам тўлов бераётганини кўрсатди:

«Ўзбекистонда ҳар йили 14 миллион киши йўловчи оқимини ташкил этади. Агар ҳар бирининг витаминлари, телефонлари ва бошқа нарсаларини текширишга ҳеч бўлмаганда 5 дақиқа сарфланса — жами 130 йил инсон умри йўқолади. Мен ўзим фақат IMEI рўйхатга олишга 20 дақиқадан кўпроқ вақт сарфладим», — дея қайд этди.

Беҳзод Ҳошимов, шунингдек, идеал шароитда ҳам — навбатларсиз, инглиз тилини билган ҳолда ва декларацияни мустақил тўлдириш кўникмалари билан — бир киши 20-30 дақиқа йўқотишига эътибор қаратди. Агар бундай одамлар йилига бир миллион бўлса, унда жуда катта вақт йўқотилиши ҳақида гап кетмоқда.

«Бу тасаввур қилиб бўлмайдиган нарса. Агар ўзбекистонликнинг бир соат умри қанча туришини ҳисобласак — бу жуда катта зарар. Бу фақат йўловчиларнинг вақти, яна давлат органлари ходимлари, божхоначиларнинг вақти ҳам бор. Уларнинг вақти ҳам бепул эмас. Ҳатто текширишга 5 дақиқа кетса ҳам — гап йиллар ҳақида кетмоқда. Биз ҳам вақт, ҳам пул билан тўлаяпмиз», — дея қўшимча қилди у.

Иқтисодчининг фикрича, IMEI-кодларни рўйхатга олиш жараёнининг асосий ғояси — Ўзбекистонга арзон хорижий товарларнинг кириб келишига йўл қўймаслик.

«IMEI — бунинг учун механизмлардан бири. Ҳозир нимани назорат қилиш энг осон? Телефонларни. Телефон эса — биринчи навбатда меҳнат қуроли. Деярли бутун аҳоли учун. Мен у керак бўлмайдиган биронта ҳам ишни ўйлаб топа олмайман. Ва меҳнат қуроли қимматлашганда — бунинг ўзига хос иқтисодий нархи бор», — дея хулоса қилди Беҳзод Ҳошимов.

Ҳошимовнинг ҳисоблашича, IMEI тизими туфайли ўзбекистонликлар учун зарар «миллиардлаб доллар»ни ташкил этиши мумкин.

«Агар ҳурматли депутатларимиз бу тизимни бекор қилсалар, ўзбекистонликлар тўғри маънода бир неча миллиардга бойроқ бўлади. Бу тизимни жорий этиш биз ҳаммамизни миллиардларга қашшоқлаштирган ғоя бўлди — нафақат бюджет, балки иқтисодий маънода ҳам. Айнан шунинг учун биз бу тизимнинг бекор қилинишини хоҳлаймиз», — дейди Беҳзод Ҳошимов.

IMEI-рўйхатга олиш атрофидаги муаммолар

Ҳукумат қарори билан жорий этилган мобил қурилмаларни IMEI-код бўйича рўйхатга олиш тизими дарҳол жамоатчиликнинг норозилигига сабаб бўлди, чунки рўйхатга олиш механизми мураккаб эди ва бунинг учун тўлов талаб этиларди.

Янгилик мобил қурилмалар эгаларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, аппаратлардан ноқонуний фойдаланишга қарши курашиш ва сифатсиз қурилмалар сотилишининг олдини олиш мақсадлари билан асосланган эди.

Бир неча ой ўтиб — 2020 йил февралида — коллектив мурожаатлар порталида IMEI рўйхатга олиш учун йиғимни бекор қилиш ҳақида петиция пайдо бўлди. Қонунчилик палатаси қўмитаси масалани ўрганишни бошлаганини хабар қилди. Ўрганиш якунлари бўйича қўмита IMEI-кодларни ҳукумат қарорлари (№847 ва №778) билан тасдиқланган қоидалар асосида рўйхатга олиш амалиётини давом эттиришни «мақсадга мувофиқ ва асосли» деб топди. Қонунчилик палатаси ҳукуматга ҳисоботда кўрсатилган таклифлар ва камчиликларни ҳисобга олишни ҳамда тизимни такомиллаштириш ишларини давом эттиришни тавсия қилди.

2020 йили бошқа шахсларнинг паспорт маълумотларига IMEI-кодларни рўйхатга олишдаги можародан сўнг (бу сабабли кўплаб фуқаролар ўз қурилмаларини ўз номига рўйхатга ола олмадилар) тизим оператори рўйхатга олиш тартибини ўзгартирди — рўйхатга олишда телефон рақами аризачининг номига мобил операторда расмийлаштирилган бўлиши керак эди.

Ўтган йил охиридан бошлаб Ўзбекистонга янги мобил қурилма олиб киришда божхона декларациясини тўлдириш керак, акс ҳолда UzIMEI тизимида қурилмани рўйхатга олишда бож тўлашга тўғри келади.

Ўзбекистонда мобил қурилмалар сотувчилари одатда битта IMEI-кодни рўйхатга оладилар, иккинчисини рўйхатга олиш учун эса, агар харидор буни тўғридан-тўғри дўконда амалга оширишни истаса, қўшимча тўлов тўлаши керак. Ижтимоий тармоқларда яқинда телефонни божхонада декларация қилишни унутганлар учун бозорда IMEI рўйхатга олиш хизматлари нархи қурилманинг қийматига қараб 30-40 доллардан 100-250 долларгача ошгани ҳақида хабарлар пайдо бўлди.