Ўзбекистонда иккиламчи уй-жой нархлари сўмда 1,7%га, долларда 5%га ўсди — МБ

Марказий банк шарҳига кўра, Ўзбекистон кўчмас мулк бозоридаги фаоллик ижобий даражада сақланиб қолмоқда.

Регулятор маълумотларига кўра, 2025 йил январь-сентябрь ойларида кўчмас мулк бозорида 274 мингта битим тузилган, бу 2024 йилнинг шу даврига нисбатан 11%га кўп.

Шу билан бирга, бозордаги битимлар сони ҳар ой 2024 йил кўрсаткичларидан ошиб борди. Хусусан, 2025 йил июль ойида келишувлар сони қарийб 35 мингтага етганда кескин ўсиш кузатилди.

Ушбу давр мобайнида иккиламчи уй-жой бозоридаги нархлар миллий валютада 1,7%га, АҚШ долларида эса 5%га ўсди. Таққослаш учун: 2023 йил якунларига кўра, нархлар сўмда 35,1 фоизга, долларда 23 фоизга ўсган эди. 2024 йил якунларига кўра, уй-жой нархининг ўсиш суръатлари сўмда 6,3 фоизгача ва долларда 1,8 фоизгача секинлашганди.

МБ доллардаги ўсиш жорий йилда сўм курсининг мустаҳкамланиши билан боғлиқлигини қайд этди. 2025 йилнинг 9 ойи ичида доллар миллий валютага нисбатан 6,4 фоизга арзонлашди.

Иқтисодий Тадқиқотлар ва Ислоҳотлар Маркази ҳисоб-китоблари

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази (ИТИМ) 2025 йилнинг 9 ойида уй-жой сотуви 212 мингтага етганини, бу 2024 йилнинг январь-сентябрь ойларига (190,2 мингта) нисбатан 11,5 фоизга кўп эканини хабар қилган. Битимлар сони бўйича маълумотлар Марказий банк маълумотларидан фарқ қилади.

ИТИМ баҳосига кўра, мамлакат бўйича иккиламчи уй-жой бозоридаги ўртача нарх йиллик ҳисобда 4,6 фоизга ўсган (аммо ўсиш суръатлари секинлашган, 2024 йилнинг тўққиз ойида йиллик ўсиш 6,7 фоизни ташкил этган).

Тошкентда ҳам иккиламчи уй-жой нархлари бир ой ичида 0,6 фоизга ўсган, бироқ 2024 йил сентябрига нисбатан 1,7 фоизга пасайган. Пасайиш айниқса Яшнобод, Мирзо Улуғбек ва Чилонзор туманларида ўртача 4,3 фоизни ташкил этган.

Бирламчи уй-жой бозорида нархлар йилига 3 фоизга ўсган, максимал ўсиш пойтахтнинг Миробод, Бектемир ва Яккасарой туманларида ўртача 5,8 фоизни ташкил этган.