
Humans компанияси ўз иловасига боғланган карталардан рухсатсиз пул ечиб олиниши билан боғлиқ ҳодисаларга изоҳ берди.
Аввал хабар қилинганидек, Ўзбекистон Марказий банки фуқаролардан Humans’га боғланган карталардан рухсатсиз пул ечиб олиниши ҳақидаги хабарлардан сўнг текширув бошлаган эди. Регулятор юзага келиши мумкин бўлган заифликни бартараф этиш мақсадида Humans орқали маблағ ўтказиш операцияларини тўхтатган ва барча шубҳали транзакцияларни ўрганаётганини маълум қилган.
«2025 йил 4 декабрдан 8 декабргача Humans фойдаланувчиларининг бир қисми банк карталари орқали фирибгарлик йўли билан пул ечиб олинишининг иккита тўлқинидан жабр кўрди. Ёвуз ниятли шахсларга рухсатсиз пул ечиб олиш имконини берган заифлик Humans’нинг ҳамкори — «Octagram» АЖ ҳуқуқий эгаси бўлган Paylov тўлов сервисининг техник контурида жойлашган эди», — дея баёнот берди компания.
Humans Paylov инфратузилмасидаги заифликни текшириш ва «ёвуз ниятли шахсларни аниқлаш» учун техник материалларнинг тўлиқ тўпламини регуляторга (Марказий банкка) ва ҳуқуқ-тартибот органларига топширганини маълум қилди.
«Жабрланган мижозларга маблағларни қайтариш масалалари қонунчилик талабларига мувофиқ тартибга солинади. Humans ушбу ҳодисани ҳал қилишнинг ягона мақбул модели сифатида қонунда назарда тутилган тартиб-қоидалар доирасида жабрланган мижозларга етказилган зарарни тўлиқ ва шаффоф қоплашни ҳисоблайди», — дейилади компания баёнотида.
«Барча фирибгарлик операциялари Humans иловаси билан ўзаро алоқасиз, мижозлар иштирокисиз ва ОТP-кодлари киритилмасдан амалга оширилган. Ёвуз ниятли шахслар машина сўровларини тўғридан-тўғри Paylov API’га йўналтирган ва Paylov масъул бўлган карта токенлари ва калитларига кириш имконияти туфайли пул ечиб олишни бошлашлари мумкин бўлган. Фирибгарликнинг биринчи тўлқинидан сўнг Paylov кириш имкониятини чеклаш бўйича етарли чоралар кўрмаган, жумладан, сўровлар келган рухсатсиз IP-манзилларни блокламаган. Бу эса такрорий ҳужумга олиб келди», — дейилади баёнотда.
Бундан ташқари, Humans фирибгарлик транзакциялари нафақат компания мижозларига, балки операцияларнинг бир қисми бошқа тўлов ташкилотлари фойдаланувчиларининг карталари орқали ҳам амалга оширилганини таъкидлади.
Компания Марказий банк томонидан эслатиб ўтилган Humans иловасидаги P2P-ўтказмаларнинг тўхтатилиши фақат ўтказмаларга тегишли эканлигини қайд этди, «чунки айнан мана шу функционал заифлик аниқланган Paylov инфратузилмасидан фойдаланади».
«Humans’нинг бошқа хизматлари, жумладан, уяли алоқа хизматлари, товар маркетплейси, бозорлардан озиқ-овқат етказиб бериш хизмати ва бошқа функциялар одатдаги режимда ишламоқда», — дея таъкидлади компания.

