Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Жамият 07/01/2026

Марказий банк Humans иловасидаги пул ечиб олиниши билан боғлиқ вазият юзасидан текширувни якунлади

Ўзбекистон Марказий банки Humans компаниясига хизмат кўрсатган Octagram тўлов ташкилотида ўтказилган текширув якунланганини маълум қилди. Регулятор хабарида айтилишича, бунинг учун Марказий банк фармойиши билан ишчи гуруҳ тузилган эди.

Декабрь ойи бошида Humans иловасига бириктирилган карталардан пул маблағларининг рухсатсиз ечиб олиниши билан боғлиқ ҳолат юз берганди. Ўшанда компания ўз ҳамкори — Octagram компаниясига тегишли Paylov тўлов сервиси томонида заифлик бўлган бўлиши мумкинлигини билдирган эди. Octagram эса, ўз навбатида, ҳеч қандай заифликлар йўқлигини, фирибгарлик амалиётлари Humans’нинг ўзида амалга оширилганини таъкидлаган. Марказий банк Humans иловаси орқали P2P пул ўтказмаларини вақтинча тўхтатиб қўйган эди.

Марказий банк ўрганиш якунлари бўйича материаллар ҳуқуқий баҳо бериш ва ваколат доирасида чоралар кўриш учун Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасига юборилганини маълум қилди. Регулятор фуқароларга мавжуд масалалар юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига мурожаат қилишни тавсия этди.

«Ҳар бир банк ва ҳар бир тўлов ташкилоти молиявий хизматлар истеъмолчиларининг ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлаши шарт», — деб қайд этди Марказий банк.

2025 йилнинг июнь ойида хусусий Octobank Humans молиявий сервисини ўз тизимидан узиб қўйганини маълум қилган эди. 13 июндан бошлаб Visa кобренд карталарига хизмат кўрсатиш тўхтатилган. Банк Humans компаниясига қарши 500 миллиард сўмдан ортиқ қарздорлик ва зарарларни ундириш бўйича судга даъво аризаси киритган. Октябрь ойида суд Humans компаниясини банкрот деб топди — компаниянинг банк олдидаги қарзи 429 миллиард сўм миқдорида баҳоланди. Humans’га нисбатан фаолиятини тўхтатмаган ҳолда тугатиш жараёни бошланган эди.