
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Санкт-Петербургда (Россия) фаррош бўлиб ишлаётган Ҳайрулло Сайдуллаевич Ибодуллаевни «Жасорат» медали билан мукофотлади. 2026 йил 22 февраль куни 36 ёшли эркак еттинчи қават деразасидан тушиб кетган 7 ёшли болани тутиб қолган эди.
Давлат раҳбарининг фармонида айтилишича, «марди ва қўрқмас» Ҳайрулло Ибодуллаев «юз берган фавқулодда ва мураккаб вазиятда ўз ҳаёти ва соғлиғини хавф остига қўйиб, кўп қаватли уйнинг юқори қаватидан тушиб кетаётган боланинг ҳаётини сақлаб қолишда кўрсатган амалий ёрдами, халқимизга хос бўлган жасорат, қаҳрамонлик ва фидойилик каби юксак фазилатларни намоён этгани учун» ушбу мукофотга лойиқ кўрилган.
Болани қутқариш вақтида эркак қўлидан жароҳат олган. 78.ru нашрининг хабар беришича, Петрозаводская кўчасидаги уй аҳолиси у учун пул йиғиш эълон қилган. Уларнинг айтишича, фаррош ўз ишини жуда яхши бажаради, ҳамма билан саломлашади ва камтарликни сақлаб келади.
Ҳайрулло Ибодуллаев Санкт-Петербургга тўрт ой олдин ишлаш учун келган. Нашрнинг маълум қилишича, уйида унинг тўрт нафар фарзанди ва бемор ота-онаси бор.