Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Жамият 13/02/2026

Ўзбекистонда ҳаж ва умрага рўйхатдан ўтиш махсус портал орқали мажбурий бўлади

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳаж ва умра зиёратларини ташкил этиш тартибига ўзгартиришлар киритди. Бу ҳақда ҳукуматнинг 2026 йил 24 январдаги қарорида сўз боради.

Ҳужжат билан «Ҳаж ва Умра» ягона портали — haj-umra.gov.uz фаолияти механизмлари белгиланди. Мазкур платформа 2025 йил кузида зиёратчилар учун маълумотларни тўплаш ва ҳужжатларни расмийлаштириш билан боғлиқ жараёнларни рақамлаштириш мақсадида ишга туширилган эди.

Рўйхатдан ўтиш мажбурий бўлади

2026 йил 1 февралдан бошлаб ҳаж зиёратига рўйхатдан ўтиш фақат портал орқали, 1 майдан бошлаб эса умра зиёрати учун ҳам амалга оширилади. Тизимда рўйхатдан ўтмаган зиёратчилар сафарга чиқа олмайдилар.

Диний ишлар бўйича қўмита 1 апрелга қадар умра зиёратини ташкил этиш лицензиясига эга бўлган туроператорларнинг порталга уланишини таъминлаши керак. Шундан сўнг янги лицензия олган операторлар тизимга проактив тарзда улаб борилади.

Фуқаролар порталда мустақил равишда рўйхатдан ўтишлари мумкин. Зиёратчиларни ҳокимликлар ҳузуридаги ташкилий гуруҳлар томонидан маҳаллалар рўйхати асосида рўйхатга олиш тартиби бекор қилинади.

Ҳаж зиёратини бир нафар ҳамроҳ (отаси, онаси, акаси, укаси, опаси, синглиси, турмуш ўртоғи, фарзанди ва бошқалар) билан амалга оширишни истовчилар биргаликда ариза топширишлари лозим.

Ҳаж навбатига туриш учун доимий яшаш манзилини кўрсатиш талаб этилади. Умра учун рўйхатдан ўтишда ҳам доимий, ҳам вақтинчалик яшаш жойини кўрсатишга йўл қўйилади.

Тўловларни қабул қилиш, маблағларни конвертация қилиш, уларни Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг депозитига жойлаштириш ва Саудия Арабистонидаги шерик ташкилотга ўтказиш функциялари «Алоқабанк»ка берилмоқда. Илгари бу операцияларни Ўзбекистон Миллий банки амалга оширган.

Шартнома тузилганидан сўнг, лицензияга эга оператор зиёратчига тўлов суммаси кўрсатилган SMS-хабар юборади.

Тайёргарлик ва тиббий кўриклар

Ҳаж навбати келган фуқароларни тайёрлаш жараёни аввалги беш ой ўрнига камида олти ой давом этади. Тўлиқ тиббий кўрикдан ташқари, зиёратчилар Саудия Арабистонига киришни чекловчи касалликлар мавжудлиги бўйича ҳам текширилади.

«Ҳаж» сафарига борувчи фуқароларни тиббий кўрикдан ўтказишнинг барча босқичлари (психоневрологик, наркологик, дерматовенерологик, сил касалликлари кўриги, эмлаш ва бошқалар) давлат тиббиёт муассасаларида бепул амалга оширилади.

Шу билан бирга, «Умра» сафари учун тиббий кўрик ихтиёрий ҳисобланади ҳамда давлат ёки хусусий клиникаларда фуқаронинг ўз маблағлари ҳисобидан ўтказилиши мумкин.

Агар фуқаро навбати келганда белгиланган муддатда тўловни амалга оширмаса ёки бошқа сабабга кўра бора олмаса, у сафарни кейинги йилга кўчириш ҳуқуқига эга. Тўлов такроран амалга оширилмаганда ёки ҳаж қилиш имкони бўлмаганда фуқаро навбатдан чиқарилади ва умумий асосларда қайта рўйхатдан ўтиши мумкин бўлади. Доимий яшаш жойи ўзгарганда ҳам навбат бекор қилинади.

Лицензияга эга туроператорлар умра зиёратини амалга ошириш учун аризаларни ҳам портал орқали, ҳам бевосита Ўзбекистон фуқароларидан, шунингдек, чет элликлар ва фуқаролиги бўлмаган шахслардан қабул қилишлари мумкин.

Саудия Арабистони Ҳаж ва умра ишлари вазирлиги аввалроқ 2026 йилги ҳаж мавсумида зиёратчи визаси фақат Nusuk платформаси орқали олинган соғлиқни сақлаш ҳолати тўғрисидаги тиббий гувоҳнома мавжуд бўлганда берилишини эълон қилган эди.

2025 йили президент топшириғи билан Саудия Арабистонига ноқонуний туристик фирмалар орқали умра зиёратига борган 580 нафар фуқаро Ватанга қайтарилган эди. 2024 йилдан бошлаб умра зиёратини ташкил этиш учун компания Диний ишлар бўйича қўмита томонидан бериладиган лицензияга эга бўлиши шарт.