Сенат қамоққа олинмаган гумонланувчиларга нисбатан мамлакатдан чиқишни чеклашни маъқуллади

Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати 28 май куни бўлиб ўтган мажлисда терговга қадар текширув, тергов, прокуратура ёки суд органлари томонидан айбланувчи ва гумонланувчиларнинг мамлакатдан чиқиш ҳуқуқи чекланиши мумкинлигини назарда тутувчи қонунни маъқуллади.

Маърузачининг таъкидлашича, бугунги кунда жиноят-процессуал қонунчилигида жараён иштирокчиларининг мамлакатдан чиқишини чеклаш имконини берувчи норма мавжуд эмас. Бу жиноят содир этган фуқароларнинг Ўзбекистонни тарк этиши ва тергов ҳамда суддан бўйин товлашига олиб келмоқда.

2021 йилдан 2025 йилгача бундай асосларга кўра 39 038 киши қидирувга берилган, улардан 17 535 нафари (44,9%) мамлакат ташқарисига чиқиб кетган. Кўп ҳолларда уларга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилмаган.

Ҳужжатга кўра, Жиноят-процессуал кодексига янги боб киритилмоқда, унда қуйидагилар белгиланади:

  • чиқиш ҳуқуқини вақтинча чеклашнинг мақсади ва асослари;
  • чорани қўллаш тўғрисида илтимоснома киритиш тартиби;
  • илтимосномани кўриб чиқиш тартиби;
  • суд қарори;
  • вақтинчалик чеклашни бекор қилиш тартиби.

Бундай чора терговчи, суриштирувчи, прокурор ёки суднинг илтимосномасига кўра, агар жараён иштирокчиси узрли сабабларсиз (чет элда жиноий жараёнда иштирок этиш учун, чет элда даволаниш учун, қариндошининг вафоти муносабати билан) республика ҳудудини тарк этиши мумкин, деб ҳисоблаш учун «етарли асослар» мавжуд бўлса, қўлланилиши мумкин.

Шунингдек, кодекснинг бошқа моддаларига, жумладан:

  • паспорт (ёки бошқа йўл ҳужжати) амал қилишини тўхтатиб туриш имконияти;
  • чиқиш ҳуқуқини вақтинча чеклаш ёки бундай чеклашни рад этиш;
  • ушбу чорани суд қарори билан бекор қилиш имконияти тўғрисидаги тузатишлар киритилмоқда.

Қонун «Судлар тўғрисида»ги ва «Прокуратура тўғрисида»ги қонунларга ҳам ўзгартишлар киритиб, фуқаролик, жиноят ва иқтисодий ишлар бўйича туманлараро, туман, шаҳар судларига паспорт амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисидаги илтимосномаларни кўриб чиқиш ҳуқуқини, прокурорларга эса бундай чораларни қўллаш ташаббусини илгари суриш ҳуқуқини мустаҳкамлайди.

Хабар қилинишича, қонунни ишлаб чиқишда Италия, Россия, Беларусь, Молдова, Сербия, Буюк Британия, Германия, Франция ва Испания каби давлатларнинг қонунчилик тажрибаси ўрганилган ва ҳисобга олинган.

Сенаторнинг сўзларига кўра, бу Ўзбекистоннинг халқаро рейтинглар ва индекслардаги ўрнини, хусусан, «фуқаролик одил судлови» ва «жиноий одил судлов» компонентлари бўйича Қонун устуворлиги индексида яхшилаш учун асос яратади.

Аввалроқ, Қонунчилик палатаси депутати Зуҳриддин Мавлонов ҳужжатда «етарли асослар» тушунчасига кирадиган ҳолатлар аниқлаштирилмаганини таъкидлаган эди. У, шунингдек, бу Ўзбекистон Конституциясига зид келмайдими, чунки Конституция айбсизлик презумпциясини кафолатлайди, деган саволни ҳам берган эди.

Бош прокурор ўринбосари Шерзод Тўхтабоев ҳозирда қамоққа олиш, уй қамоғи ва ушлаб туриш тарзидаги мажбурлов чоралари аллақачон қўлланилаётганини билдирди. «Бу ҳуқуқларнинг бузилиши эмас. Бундай чоралар ҳам жиноий, ҳам суд амалиётида мавжуд. Бу масалани терговчи ва судьялар иш материалларидан келиб чиқиб, мустақил ҳал қиладилар», — дея жавоб берди у.