
2025 йил 28 ноябрь куни Фарғона вилояти Фурқат тумани ИИБ собиқ ходимларига нисбатан қўзғатилган жиноят иши бўйича суд жараёни якунланди. Улар мансабдор шахсни обрўсизлантириш мақсадида бир аёлни ҳақоратлаб, калтаклаган эди.
Туман ИИБнинг собиқ бошлиғи Акмал Хўжаев ва унинг биринчи ўринбосари Жасур Расулов тўрт йилга озодликдан маҳрум этилиб, уч йил муддатга ички ишлар органларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинди.
Жабрланувчи, 29-сонли мактаб директори Гулираъно Қосимова «Газета» мухбири билан суҳбатда ўз ҳис-туйғулари ҳақида сўзлаб берди.
Аёл ҳақиқат қарор топганини таъкидлади, аммо шу билан бирга, ҳеч қачон кимнингдир бахтсизлигига сабабчи бўлишни истамаганини айтди.
«Ҳукм ўқилганида судланувчиларнинг юз ифодаларини ҳеч қачон унутмасам керак. Улар болалар боғчасида хато қилган болалардек хижолат бўлиб туришарди, юзларидан қилган ишларидан пушаймон эканликлари кўриниб турарди. Суд залида Жасур Расуловнинг акасининг жимгина йиғлаётганини кўрганимда, юрагим сал юмшади. Барибир аёл бўлганим учунми, иккала судланувчига раҳмим келди. Лекин улар ўзларининг ноқонуний ҳаракатлари ва мени камситганларига муносиб жазо олишди деб биламан ва ҳукмга розиман», — деди Гулираъно Қосимова.
Унинг сўзларига кўра, унга қилинган ҳужумда туман ИИБнинг 11 нафар ходими иштирок этган, уларга собиқ бошлиқ Акмал Хўжаев бошчилик қилган. Бироқ Хўжаевнинг ноқонуний буйруқларини бажарган ва уни ҳақорат қилган тўққиз нафар ходим жазосиз қолди. Судья уларнинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо беришни сўраб, Фарғона вилояти прокуратурасига тақдимнома киритди.
«Тўққиз нафар ходимнинг ҳар бирининг ҳаракатларига оид далиллар мавжудлиги сабабли биз судга илтимоснома бергандик. Бундан ташқари, суд жараёнлари давомида тўққиз кишига нисбатан қўшимча далиллар пайдо бўлди ва уларнинг барчаси судга тақдим этилди. Ҳукм ўқилганидан сўнг судья уларнинг исмларини ўқиб эшиттирди ва вилоят прокурорига уларнинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо беришни сўраб тақдимнома юборди. Агар прокурор далилларни эътиборсиз қолдириб, адолатли ҳуқуқий баҳо бермаса, мен бу масалада Бош прокуратурага ва оммавий ахборот воситаларига мурожаат қиламан», — деди аёл.
Гулираъно Қосимованинг сўзларига кўра, у маънавий зарарни ундириб олиш ва пулни муҳтожларга беришни режалаштирмоқда.
«Ҳукм ўқилган куни ўз нутқимда мен маънавий зарарни ундиришни ҳам сўрадим. Менга бунинг учун фуқаролик судига мурожаат қилиш кераклигини тушунтиришди. Маънавий зарар ундирилганидан сўнг, мен маблағни онкологик касалликлар билан курашаётган одамларга ёки муҳтож оилаларга йўналтираман. Шунинг учун мен фуқаролик судига ариза бермоқчиман», — деди.
«Буларнинг барчаси мен билан содир бўлганда, келажагимни тасаввур ҳам қила олмасдим, умидсизликда яшардим. Адолат излаб, ОАВ орқали халқимизга ва президентимизга мурожаат қилишга мажбур бўлдим. Суд икки ой давом этди. Бу ишда ёрдам берган барчага миннатдорчилик билдирмоқчиман. Аввало, халқимиз менга ишонди ва интернетда ҳам, ҳаётда ҳам қўллаб-қувватлади. Шунингдек, Президентга, Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёевага, Сенат раисига [Танзила Норбоевага] ва бошқаларга миннатдорчилик билдирмоқчиман. Ушбу воқеа туфайли мен журналист ва блогерларга чексиз ҳурмат ва ишонч туйдим. Уларнинг таъсир кучи қанчалик катта эканлигига ўзим амин бўлдим», — деди аёл.
У Фурқат тумани прокуратураси ва судья ўз вазифаларини виждонан бажарганини таъкидлади ва уларга ҳам осон бўлмаганини айтди.
«Аввалига мен туман прокуратурасига ишонмаган эдим. «Улар ИИБ билан тил бириктирган, ўз ҳамкасбларини ҳимоя қилади» деган турли фикрлар бор эди. Лекин улар ҳақиқатан ҳам виждонан ишладилар, бунинг учун улардан миннатдорман. Бироқ, вилоят прокуратураси терговчисининг ИИБнинг тўққиз нафар ходимига нисбатан ҳаракатларига алоҳида тўхталмоқчиман. Унда жуда кўп камчиликлар бор эди. Бундан ташқари, Қувасой тумани жиноят ишлари бўйича судига ва судья Авазбек Раҳимовга ишни адолатли кўриб чиққанлари учун миннатдорчилик билдираман. Судьяга осон бўлмади, лекин у адолатли ҳукм чиқарди», — деди Гулираъно Қосимова.
Тафсилотлар
Фурқат тумани 29-сонли мактаб директори Гулираъно Қосимова аввалроқ 2025 йил апрель ойида туман ИИБ бошлиғи Акмал Хўжаев ва солиқ инспекцияси бошлиғи Қурбонали Абдураҳмонов ўртасидаги можаро оқибатида жабрланганини айтган эди.
У турмуш ўртоғининг ЙТҲдан кейинги даволаниши учун ёрдам сўраб солиқ инспекцияси бошлиғи ҳузурига келганидан сўнг, кабинетга бирданига бир неча нафар тезкор ходимлар бостириб кирган. Улар иккисини ҳам уриб, кийимларини йиртиб, камситишган, сўнгра камерани ёқиб, эркак ва аёлни интим муносабат пайтида ушлаб олгандек тасвирга олишни бошлашган, дея тасвирлаган эди Қосимова.
Шундан сўнг, улардан бири Қосимовани «солиқ бошлиғи уни жинсий алоқага мажбурлагани» ҳақидаги аризага имзо чекишга мажбурламоқчи бўлган, аммо у рад этган. «Мен ҳеч ким билан интим муносабатда бўлмаганман ва ҳеч кимга туҳмат қилмоқчи эмасман», — деди у.
Вазият ошкор этилгандан сўнг жамоатчиликнинг кескин реакциясига сабаб бўлди. Хўжаев ва Расуловга нисбатан Жиноят кодексининг бир неча моддалари бўйича жиноят иши очилган эди:
- 141-1-модда 2-қисмининг «а» ва «б» бандлари — шахсий ҳаёт дахлсизлигини бузиш, оғир оқибатларга олиб келган ва тамагирлик ниятида содир этилган;
- 141-3-модда 2-қисмининг «б» банди — шахснинг шаъни ва қадр-қимматини камситувчи ва унинг ҳаётининг интим томонларини акс эттирувчи маълумотларни олдиндан тил бириктириб, бир гуруҳ шахслар томонидан ошкор қилиш;
- 142-модда — фуқароларнинг турар жойи дахлсизлигини бузиш;
- 206-модда 1-қисми — ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш;
- 230-2-модда 1-қисми — тезкор-қидирув фаолияти натижаларини сохталаштириш;
- 234-модда 1-қисми (қасддан ғайриқонуний ҳибсга олиш ёки қамоқда сақлаш).
Сенатор Малика Қодирхонова ўшанда аёлни ҳақорат қилиш – бу жамиятни ҳақорат қилиш эканлигини айтган эди. У ҳодисани тўлиқ ва холис текширишни, барча айбдорларни жазолашни ва жабрланувчининг ҳуқуқларини тиклашни талаб қилди.
Ички ишлар вазирининг маслаҳатчиси, ИИВнинг собиқ раҳбари (1991-2006 йиллар) Закиржон Алматов содир бўлган воқеани «ақлга сиғмас шафқатсизлик» деб атади.
2025 йил ноябрь ойида Гулираъно Қосимова навбатдаги суд мажлисидан сўнг Президент Администрацияси раҳбарияти, Сенат ва Олий суд раисига суднинг холислигини таъминлашни сўраб видеомурожаат билан чиққан эди.
Ҳукм
Фурқат тумани ИИБ собиқ бошлиғи Акмал Хўжаев ва унинг биринчи ўринбосари Жасур Расуловга нисбатан ҳукм Қувасой тумани жиноят ишлари бўйича суди томонидан эълон қилинди.
Акмал Хўжаев (1986 й.т.) ва Жасур Расулов (1991 й.т.) Жиноят кодексининг қуйидаги моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этишда айбдор деб топилди:
- 141-3-модда 2-қисмининг «б» банди — шахснинг шаъни ва қадр-қимматини камситувчи ва унинг ҳаётининг интим томонларини акс эттирувчи маълумотларни олдиндан тил бириктириб, бир гуруҳ шахслар томонидан ошкор қилиш;
- 142-модда — фуқароларнинг турар жойи дахлсизлигини бузиш;
- 206-модда — ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш;
- 230-2-модда 1-қисми — тезкор-қидирув фаолияти натижаларини сохталаштириш;
- 234-модда 1-қисми — қасддан ғайриқонуний ҳибсга олиш ёки қамоқда сақлаш.
Уларнинг ҳар бирига тўрт йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш ҳамда ИИВ тизимида ва давлат иштирокидаги корхона, муассаса ва ташкилотларда уч йил муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Улар жазони манзил-колонияларда ўтайди.
Жабрланувчилар Қосимова ва Абдураҳмоновга (солиқ инспекцияси бошлиғи) маънавий зарарни ундириш учун фуқаролик судига мурожаат қилиш ҳуқуқи тушунтирилди.
Суд иш материалларини бошқа шахсларга нисбатан жиноят иши қўзғатиш масаласини кўриб чиқиш учун Фарғона вилояти прокуратурасига юборди.