Ўзбекистонда ойлик истеъмол 201 дан 500 кВт·соатгача бўлган электр энергияси учун алоҳида тарифлар жорий этилади. Бу 2025 йил 31 март куни қабул қилинган ҳукумат қарорида назарда тутилган, деб хабар берди Энергетика вазирлиги.
Ҳозирда электр энергияси бўйича ижтимоий меъёр бутун йил давомида ойига 200 кВт·соатгача этиб белгиланган (201 дан 1000 кВт·соатгача бўлган истеъмол учун икки баробар тарифда тўланади), газ учун эса қишки мавсумда асосий меъёр 100 кубометрдан 500 кубометргача оширилган.
2025 йил 1 майдан бошлаб аҳоли истеъмоли учун 201 дан 500 кВт·соатгача бўлган электр энергияси учун нарх 1000 сўм (ҳар бир кВт учун) ўрнига 800 сўмни, кўп қаватли уйлар ва ётоқхоналарда электр плиталари билан яшовчи фойдаланувчилар учун эса 500 сўм ўрнига 400 сўмни ташкил этади.
Бундан ташқари, 2026 йилдан бошлаб электр энергияси ва газга тарифлар ҳар йили 1 майдан инфляция даражасини инобатга олган ҳолда ошириб борилади, лекин 10%дан ошмайди. Шунингдек, 2024 йил 15 июндаги ҳукумат қарорига кўра, 2026 йилдан бошлаб белгиланган тартибда тасдиқланган тарифлар камида уч йил давомида ўзгармасдан қолиши керак.
Эслатиб ўтамиз, президент ҳукуматга газ ва электр энергияси тарифларини оширишни бир ойга кечиктиришни топширган. Нархлар 2025 йил 1 майдан оширилади, аввалроқ бу 1 апрелдан режалаштирилган эди. Қарор аҳоли ва бизнесни қўллаб-қувватлаш мақсадида қабул қилинган.
Биринчи тариф оширилиши 2024 йил май ойида амалга оширилган, ўшанда ижтимоий меъёрлар жорий этилган эди. Ижтимоий меъёр доирасида аҳоли учун 1 кВт·соат электр энергиясининг базавий нархи 295 сўмдан 450 сўмгача (+52,5%), 1 кубометр газ эса 380 сўмдан 650 сўмгача (+71%) оширилган. Истеъмол ҳажми ошгани сари тарифлар бир неча баравар кўпайган.
2025 йил 1 майдан 200 кВт·соат ойлик меъёр доирасидаги электр энергияси учун базавий тариф 450 сўмдан 600 сўмгача (+33,3%) оширилади, газ учун эса 650 сўмдан 1000 сўмгача (+53,8%) кўтарилади.
Ўзбекистон ҳукумати 2024 йилги ва нархларнинг ошишига қарамай, газ ва электр энергияси нархларини субсидиялашни давом эттиришни режалаштирган. 2025 йилда давлат бюджети ҳисобидан газ, электр энергияси ва иссиқлик таъминоти учун 12,3 трлн сўм субсидия ажратилиши кўзда тутилган. Вице-премьер Жамшид Қўчқоровга кўра, бу амалиётни тўхтатиш 2028 йилдан бошлаб режалаштирилган.