
Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати бошлиғи Шерзод Ибрагимов 2025 йил 9 июль куни президент ҳузуридаги йиғилишдан сўнг эскирган автомобилларни босқичма-босқич фойдаланишдан чиқариш режалари ҳақида гапирди.
«Муҳтарам Президентимиз томонидан таклифларимиз маъқулланди. Гап кўп йиллардан буён фойдаланиб келинаётган ва маънан эскирган транспорт воситалари бўйича иш йўналишини алоҳида белгилаш, қонунчиликка тегишли ўзгартиришлар киритиш ҳақида кетмоқда. Бу масалада Сенат ва Олий Мажлис вакиллари билан ҳамкорликда натижаларга эришиш учун ишлаймиз», — деди Шерзод Ибрагимов «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, «Миллий тикланиш» партияси етакчиси Алишер Қодиров бу ташаббусни қўллаб-қувватлади.
«40-50 йиллик автомобилларни босқичма-босқич фойдаланишдан чиқариш — жуда тўғри таклиф. Ҳатто бу чегарани 25-30 йилгача тушириш ҳам хато бўлмасди, деб ўйлайман. Асосийси — одамларга машиналарни алмаштириш учун қулай шароитлар таклиф қилиш», — деб ёзди у ўзининг Telegram-каналида.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 2030 йилгача Тошкент, Нукус шаҳарлари ва вилоят марказларида «Евро-5» ва ундан юқори стандартларга жавоб бермайдиган автомобилларнинг эксплуатациясини босқичма-босқич чеклаш режалаштирилган.
Президент 2025 йил 10 июль куни йўл ҳаракати хавфсизлигини ошириш бўйича йиғилишда ҳар тўртинчи аварияда одам ўлаётганини, ўртача ҳар куни 6 нафар жабрланувчи ҳалок бўлаётганини таъкидлади. «Бу барчани жиддий ташвишга солиши керак», — деди давлат раҳбари.
Шавкат Мирзиёев Тошкентдаги йўллар ҳолатини шахсан текширганини ва тирбандликка тушиб қолганини айтди: «Ўтган шанба, якшанба кунлари ўзим рулда юрдим. Ҳеч ким билмайди-ку, рулда ким эканини. Лекин мен ҳам тирбандликда турдим — 15-20 дақиқа турдим, бунда нормал турдим».
Бундан ташқари, «Хавфсиз йўл ва хавфсиз пиёда» жамғармаси маблағларини авария хавфи юқори бўлган йўл участкаларини яхшилашга: ажратувчи чизиқлар, пиёдалар ўтиш жойлари, ёритиш ва светофорлар ўрнатишга йўналтириш режалаштирилган. Аҳоли бундай яхшиланишлар зарур бўлган жойларни онлайн тарзда таклиф қилиши мумкин бўлади.