Ўзбекистон компанияси Афғонистондаги газ конини ўзлаштиришга киришди. У ҳақда нималар маълум?

Афғонистонда ўзбекистонлик компания иштирокида газ конини ўзлаштириш ишлари бошланди. Бу ҳақда Афғонистон Бош вазири ўринбосари вазифасини бажарувчи Абдул Ғани Бародар Охунднинг иқтисодий масалалар бўйича матбуот хизмати хабар берди.

Гап мамлакат шимолидаги Афғонистоннинг Жаузжон ва Фарёб вилоятларидаги Тути-Майдон конида газ қидируви ва қазиб чиқариш лойиҳаси ҳақида бормоқда.

TOLO News Афғонистон Тоғ-кон саноати ва нефть вазирлигига таяниб, 25 йил муддатга мўлжалланган лойиҳани амалга ошириш бўйича шартнома KAM Group халқаро компанияси ва Ўзбекистоннинг Railcom компанияси билан тузилганини маълум қилди. Эҳтимол, KAM Group’нинг ҳамкори Ўзбекистон вакиллари томонидан аввалроқ тилга олинган Eriell компанияси бўлиши мумкин. Бародарнинг чиқиши акс этган кадрларда Eriell KAM компаниясининг логотипини ҳам кўриш мумкин.

2025 йил 14 сентябрь куни Балх вилоятида ишларни бошлаш маросимида Абдул Ғани Бародар, Ўзбекистон энергетика вазирининг биринчи ўринбосари Бахтиёр Маматкаримов, «Ўзбекнефтгаз» компанияси раиси Баҳодиржон Сидиқов, Ўзбекистон Президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Иргашев ва бошқалар иштирок этди.

Бародар бундай йирик лойиҳанинг амалга оширилиши Афғонистоннинг инвестицияларга тайёр эканлигидан далолат беришини таъкидлади.

«Ушбу лойиҳа туфайли мамлакатнинг газ ва электр энергияси импортига қарамлиги қисқаради, хорижий валютанинг чиқиб кетиши камаяди ва вақт ўтиши билан газнинг хорижга экспорти учун асос яратилади», — деди у.

Тоғ-кон саноати ва нефть вазири вазифасини бажарувчи Ҳидоятулла Бадри Афғонистон ва Ўзбекистон ўртасидаги сўнгги келишувлар икки давлат ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидлади.

Президентнинг махсус вакили Исматулла Эргашев Ўзбекистоннинг мамлакатдаги йирик иқтисодий лойиҳаларни қўллаб-қувватлашга содиқлигини тасдиқлади.

«Бу лойиҳа Афғонистон ва Ўзбекистон ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик моделига айланиши ва муносабатларимизни тарихий қўшничилик даражасидан замонавий иқтисодий ҳамкорликнинг янги босқичига кўтариши мумкин», — дея қўшимча қилди Бадри.

Пудратчи вакиллари ишлар халқаро стандартларга мувофиқ олиб борилишини таъкидладилар. KAM Group катта маслаҳатчиси Муҳаммад Гул Ҳелми шундай деди:

Ўзбекистон энергетика вазирининг биринчи ўринбосари Бахтиёр Маматкаримов лойиҳа мамлакатлар ўртасидаги кенг кўламли ҳамкорликка йўл очишини билдирди: «Илғор технологиялар қўлланилади, шунингдек, барча экологик талаблар ҳисобга олинади».

Афғонистон Тоғ-кон саноати ва нефть вазирлиги маълумотига кўра, Тути-Майдон 7500 кв. км майдонни эгаллаган бўлиб, у ерда 30 га яқин қудуқ бурғиланган ва «салмоқли табиий газ захираларига эга».

Лойиҳа ҳақида

2024 йил октябрь ойида Президентнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Эргашев Eriell KAM компанияси Афғонистондаги газ конини ўзлаштириш бўйича шартнома имзолаганини маълум қилган эди. Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон лойиҳага 25 йил давомида ҳар йили 100 миллион доллар сармоя киритади, шунингдек, қазиб олинган газни қайта ишлайди.

Тоғ-кон саноати ва нефть вазири вазифасини бажарувчи Ҳидоятулла Бадри дастлабки икки йилда қазиб олинадиган газ 100 МВт электр энергияси ишлаб чиқариш учун ишлатилишини таъкидлади.

Исматулла Эргашев Тути-Майдон конининг газ захиралари 3 триллион куб метрга баҳоланганини маълум қилган. Лойиҳани Ўзбекистон-Афғонистон қўшма корхонаси Eriell KAM амалга оширади.

«Муҳандислар ва мутахассислар 8 та эски қудуқнинг ишини тиклашни ўрганмоқдалар… Газни ўзлаштириш бошланганидан сўнг дастлабки икки йилда бир неча миллиард куб метр газ қазиб олиш режалаштирилган. Шартларга кўра, Ўзбекистон бу конга 25 йил давомида ҳар йили 100 миллион доллардан инвестиция киритади ва 10 йил ичида конни ўзлаштириш учун сармояларни 1 миллиард долларга етказади», — деган эди.

Eriell KAM ҳақида

Eriell KAM компанияси 2024 йил 13 октябрда Сурхондарё вилоятининг Термиз туманида – Афғонистон билан чегарада рўйхатдан ўтган. Асосий фаолият тури – табиий газ қазиб олиш, устав фонди – 12 миллиард сўм.

Раҳбари сифатида Нодиржон Насимжонович Бобоев, ягона таъсисчи сифатида эса Eriell Group Entities кўрсатилган. Охирги компания Eriell Managment (50%) ва Kam Energy Int (50%)га тегишли.

Kam Energy Int’га эса афғонистонлик тадбиркор Замари Камгар эгалик қилади — у Kam Group холдингининг асосчиси ва эгасидир. Унинг таркибига Kam Air авиакомпанияси, Kam Energy энергетика компанияси, UzAf Trade Company, Eagle Trading & Logistics, Kamgar, Kam Construction, Kamgar Gold, Royal Eagle Petrol, Kam Oil ва бошқалар киради.

Ўз навбатида, Eriell Managment’га Нодиржон Бобоев (51%) ва Ходзидакис Николай Василис (XODZIDAKIS NIKOLAY VASILIS) (49%) эгалик қилади. Биринчиси Chordara Gaz Oil, Turon Artemia Trade, Vero Poytaxt Qurilish каби компанияларда таъсисчи ҳисобланади, иккинчиси эса Spectr Group Agency, Shkola 21 NTM, Reliable Stroy Invest, Fish Yard ва EIDC компанияларида таъсисчидир.

Ўзбекистонда нефть-газ соҳасида Eriell бренди остида 2004 йилда асос солинган компаниялар гуруҳи фаолият юритади. У нефть-газ саноати компаниялари учун қудуқлар қуриш ва мукаммал таъмирлаш хизматларини кўрсатади. Eriell Group бошқаруви раиси ва бенефициари сифатида тадбиркор Бахтиёр Фозилов кўрсатилган.