
2025 йил 22 августда 9 ёшга тўладиган Муслима Зиёбоева 3 июль куни вафот этди. У Ҳиндистоннинг Marion Biotech компанияси томонидан ишлаб чиқарилган «Док-1 Макс» ва «Амбронол» шамоллашга қарши сиропларини истеъмол қилгандан сўнг ногирон бўлиб қолган ўнлаб болалардан бири эди (маълум бўлганича).
Муслиманинг вафоти ҳақида жабрланган оилалардан бири хабар берди. Қизнинг отаси Илҳом Азимов маълумотни тасдиқлади.
Кўрсатилган препаратлардан болаларнинг оммавий заҳарланиши 2022 йил сентябрдан декабргача содир бўлган. Расмий маълумотларга кўра, 68 нафар бола ҳалок бўлган, яна 23 нафари ногирон бўлиб қолган.
Муслима 2016 йилда Жиззах вилоятида туғилган. Суд материалларига кўра, 2022 йил декабрь ойида шифокор тавсиясига кўра ота-онаси унга «Док-1 Макс» сиропини кунига 3 марта беришни бошлаган. Қизнинг буйраклари ишдан чиққан, у пешоб чиқара олиш қобилиятидан маҳрум бўлган. У дастлаб маҳаллий касалхонага етказилган, сўнгра Тошкентдаги Миллий болалар тиббиёт марказига ўтказилган. Пойтахтга келиш йўлида Муслима комага тушиб қолган ва бир ҳафтадан кейингина ўзига келган.
Даволанишга қарамай, қиз I гуруҳ ногирони бўлиб қолган. 2024 йил ноябрда судда ота-онаси унинг тура олмаслиги, юра олмаслиги ва гапира олмаслигини, парвариш ва даволаш харажатлари ойига 10 миллион сўмдан ошишини маълум қилган. Ўша пайтда умумий харажатлар суммаси 1 миллиард сўмни ташкил этган эди.
Товон пуллари ҳали ҳам тўланмаган
2024 йил 18 ноябрда суд Муслима ҳамда яна 4 нафар болани жабрланувчи деб тан олган ва 7 нафар судланувчидан, жумладан Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг собиқ раҳбари Сардор Кариевдан 1 миллиард сўмдан маънавий зарар ундириш тўғрисида қарор чиқарган. Бундан ташқари, унинг уйидан тинтув пайтида олинган 10 минг доллар жабрланувчиларнинг қонуний вакиллари ўртасида — ҳар бирига 2000 доллардан тақсимланиши белгиланган эди.
Жабрланувчиларнинг айтишича, бир неча ой ўтган бўлса-да, июль ҳолатига кўра, товон пуллари ҳали ҳам тўланмаган.
Учтепа тумани жиноят ишлари бўйича суди судьяси ёрдамчиси Гулчеҳра Муродова мухбиримизга маълум қилишича, ҳукм ҳали қонуний кучга кирмаган, чунки 2024 йил декабрь ойида бир қатор судланувчилар апелляция шикоятларини берган. Улар орасида Сардор Кариев, унинг ўринбосарлари Амирхон Азимов ва Нодирбек Мусаев, агентлик бўлим бошлиғи Шоюсуп Шодмонов ва Quramax Medical (дори воситалари импортчиси) компанияси раҳбари Рагвендра Пратап Сингх бор.
Кейинчалик Кариев ва Сингх апелляция шикоятларини қайтариб олган, аммо бошқа бир судланувчи — Саидмухтор Файзуллаев, Supreme Pharmatech (кейинчалик «Док-1 Макс» ишига судланувчи сифатида қўшилган) компанияси раҳбари — алоҳида шикоят берган.
Бу апелляцияларни кўриб чиқиш 2025 йил май ойида бошланган, 5 июнь куни Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди биринчи инстанция ҳукмини ўзгаришсиз қолдирган. Ҳукмнинг ижроси биринчи инстанция суди ваколатига киргани сабабли, у Учтепа туман судига қайтарилган. 2025 йил 16 июнь куни Учтепа суди ҳукмни Мажбурий ижро бюросига юборган.
«Ҳукмнинг 10 минг долларни тақсимлаш бўйича банди Юнусобод тумани МИБга юборилган, чунки бу сумма Давлат хавфсизлик хизматининг Юнусободдаги базаси депозит ҳисоб рақамида турибди», — дея тушунтирди Гулчеҳра Муродова.
Шуни таъкидлаш жоизки, «Док-1 Макс» иши бўйича 2024 йил 26 февралда чиқарилган биринчи суд ҳукмининг маънавий зарарни қоплаш қисми ҳам ҳалигача ижро этилмаган. Ҳукмга кўра, судланувчилардан ҳалок бўлган 68 нафар ва ногирон бўлиб қолган 18 нафар бола фойдасига жами 75,6 миллиард сўм ундирилиши керак эди.
Апелляциялар кўриб чиқилиб, биринчи инстанция ҳукми тасдиқлангандан сўнг Сардор Кариевнинг онаси 2,5 миллиард сўм тўлаган, бу маблағ жабрланувчилар ўртасида тақсимланган (ҳар бир оила 20-30 миллион сўмдан олган). Ҳукм чиқарилишидан олдин у ўғлининг жазосини енгиллаштириш эвазига бутун зарарни — 75,6 миллиард сўмни тўлашга тайёрлигини билдирган эди.
2024 йил кузида ногирон болаларнинг ота-оналари уларнинг аҳволи ёмонлашаётганини, ҳеч ким уларга етарлича эътибор бермаётганини ва товон пулларини тўлашни тезлаштиришни сўраган эди. Ўшанда Соғлиқни сақлаш вазири Асилбек Худоёров жабрланган болалар назорат остида эканини таъкидлаган, аммо ота-оналар уни ёлғон маълумот беришда айблаган эди.
Муслима Зиёбоева вафотидан сўнг бошқа жабрланган болаларнинг ота-оналари даволаниш учун муносиб шароитларни таъминлаш мақсадида товон пуллари зудлик билан тўланиши кераклигини таъкидладилар. Акс ҳолда, ногирон болаларнинг аҳволи ёмонлашишидан хавотирдалар.