“Барселона” финалда “Реал”ни мағлуб этиб, Испания Кубогини қўлга киритди (видео)

2025 йил 26 апрель куни Севилья шаҳридаги “Ла Картуха” стадионида бўлиб ўтган Испания Кубоги финали футбол мухлислари хотирасида узоқ сақланадиган воқеага айланди. Катта драматизм ва курашларга бой ўйинда “Барселона” қўшимча вақтда “Реал Мадрид”ни 3:2 ҳисобида мағлуб этди ва тарихидаги 32-Испания Кубогини қўлга киритди.

Ўйиннинг 28-дақиқасида Педри Ламин Ямалнинг узатмасидан сўнг ҳисобни очди. Иккинчи бўлимда “Реал” ташаббусни қўлга олди: 70-дақиқада Килиан Мбаппе ҳисобни тенглаштирди, орқасидан эса Орельен Тчуамени 77-дақиқада мадридликларни олдинга олиб чиқди.

Бироқ “Барселона” таслим бўлмади. 84-дақиқада Ферран Торреснинг голи ҳисобни яна тенглаштирди ва ўйин қўшимча вақтга ўтди. Қўшимча вақтда 116-дақиқада Жюль Кунде “Реал Мадрид” футболчиларининг майдон марказида хатосидан фойдаланиб, дарвозабон майдони ташқарисидан зарба билан гол урди ва “Барселона”га ғалаба олиб келди.

Ханси Флик учун бу мавсумдаги иккинчи соврин бўлди — аввалроқ у Испания Суперкубоги титулини ҳам қўлга киритган эди. Энди эса “Барселона” мавсумда треблга эришиш имкониятини сақлаб қолди.