
Дубайдаги оммавий муштлашув иши бўйича Ўзбекистоннинг 8 нафар фуқароси умрбод озодликдан маҳрум этилди. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Аҳрор Бурхонов маълум қилди.
ТИВ вакилининг сўзларига кўра, воқеа 2025 йилнинг апрель ойида Дубайда юз берган бўлиб, унда Ўзбекистон фуқаролари иштирокида оммавий муштлашув содир бўлган. Суд жараёни якунларига кўра, 2026 йил 21 январь куни БАА суди 8 нафар фуқарони айбдор деб топди ва уларга умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.
Яна бир фуқарога 25 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
«Ҳозирда Ўзбекистоннинг тегишли идоралари ва дипломатик ваколатхоналари вазиятни ҳар томонлама ўрганиш ҳамда мамлакат фуқаролари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун барча зарур чораларни кўрмоқда», — дейилади хабарда.
Дубайда Ўзбекистон фуқаролари иштирокидаги оммавий муштлашув ҳақида ОАВ 2025 йилнинг апрель ойида хабар берган эди. Воқеа ёнилғи қуйиш шохобчаси ҳудудида юз берган. БАА ҳуқуқ-тартибот идоралари маълумотларига кўра, ҳодиса оқибатида икки нафар ўзбекистонлик ҳалок бўлган: улардан бири пичоқ билан берилган зарба натижасида воқеа жойида вафот этган, иккинчиси эса комага тушиб, шифохонада жон берган.
Ўзбекистон дипломатлари 2025 йил 25 апрель куни Дубай Жиноят қидирув департаменти раҳбарияти билан учрашув ўтказган эди. Амирлик томони иш бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани ва Ўзбекистоннинг 15 нафар фуқароси ҳибсга олингани ҳақида маълум қилган.
БАА расмийлари, шунингдек, хорижда Ўзбекистон фуқаролари иштирокидаги ҳуқуқбузарликларнинг тез-тез содир этилиши икки давлат ўртасидаги амалдаги визасиз режимга салбий таъсир кўрсатиши мумкинлигини кўрсатиб ўтган эди.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги мазкур иш бўйича ҳуқуқ-тартибот идоралари билан ҳамкорликда иш олиб борилаётганини маълум қилиб, мамлакат фуқароларини хорижда ватандошлар обрўсига путур етказиши мумкин бўлган ҳаракатлардан тийилишга чақирган эди.
Кейинроқ Дубай прокуратураси низо аввалдан бир-бирини таниган икки гуруҳ ўртасида келиб чиққанини ва дастлабки маълумотларга кўра, эски шахсий адоват билан боғлиқ бўлганини очиқлаганди. Ҳодисанинг барча иштирокчилари видеокузатув камералари ёзувлари ва гувоҳларнинг кўрсатмалари ёрдамида аниқланган, шундан сўнг бошқа амирликдаги меҳмонхоналардан бирида қўлга олинган. Иш кейинги чоралар кўрилиши учун прокуратурага топширилган эди.
Аввалроқ 2025 йил март ойи охирида қотилликда айбдор деб топилган уч нафар ўзбекистонлик БАА суди томонидан ўлим жазосига ҳукм қилинган эди.