Аёлини машинада уриб юборган эркакка нисбатан модда оғирроққа қайта малакаланди

Хотинини Damas русумли автомобилда уриб юборган Навоий вилояти фуқаросига нисбатан қўзғатилган жиноят иши оғирроқ моддага қайта малакаланди, дея хабар берди Бош прокуратура.

Аввалроқ Nemolchi.uz лойиҳаси фаоллари хабар берганидек, Шаҳриёр исмли эркак турмуш ўртоғи Замирага таҳдид қилган ва унинг ажрашиш нияти ҳамда 4 фарзанди учун алимент тўлаш зарурлигини билгач, уни машинада уриб юборган. Жароҳатланган аёлнинг умуртқа поғонаси синган ва танасининг пастки қисми фалаж бўлган. Жиноят иши ЙҲҚни бузиш моддаси бўйича қўзғатилган, эркак эса озодликда қолиб, таҳдид қилишда давом этмоқда.

Тергов маълумотларига кўра, 2025 йил 14 август куни соат 9:00 атрофида Шаҳриёр А. Damas русумли автомобилни бошқариб, Қизилтепа тумани «Ўзбекистон» маҳалласининг ички йўли бўйлаб ҳаракатланган. У йўлнинг ўнг томонида кетаётган пиёда — ўз турмуш ўртоғини автомобилнинг олд қисми билан уриб юборган.

ЙТҲ натижасида аёлга оғир тан жароҳатлари етказилган. Суд-тиббий экспертизаси хулосасига кўра, жабрланувчида кўплаб жароҳатлар — мия чайқалиши, қовурға синиши, эпидурал гематома билан орқа миянинг сиқилиши, бел умуртқасининг синиши ва сурилиши ташхиси қўйилган, бу ҳаёт учун хавфли бўлган оғир тан жароҳати сифатида малакаланган.

Дастлаб, илгари судланган гумонланувчига нисбатан Жиноят кодексининг 266-моддаси 1-қисми (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш / БҲМнинг 50 бараваригача жарима ёки 3 йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёхуд 3 йилгача озодликни чеклаш ёки 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади) бўйича жиноят иши очилган эди.

Бироқ, 2025 йил 19 сентябрь куни модда Жиноят кодексининг 104-моддаси 2-қисми «л» бандига (қасддан баданга оғир шикаст етказиш, яъни совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган қурол ёки предметларни қўллаган ҳолда / 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади) қайта малакаланди.

Тергов Қизилтепа тумани тиббиёт бирлашмасининг суд-тиббий экспертиза хулосасини инобатга олди, унда жароҳатлар ҳаёт учун хавфли бўлган оғир тан жароҳати сифатида белгиланган.

Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.