Ўзбекистон Марказий банки инфляцион босим сақланиб қолаётгани сабабли ставкани 14% даражасида қолдирди

Ўзбекистон Марказий банки Бошқаруви 2025 йил 12 июнь куни бўлиб ўтган йиғилишда асосий фоиз ставкасини ўзгаришсиз — йиллик 14% даражасида қолдиришга қарор қилди.

Регулятор маълумотларига кўра, сўнгги ойларда иқтисодий фаоллик ва истеъмол талаби динамикаси, шунингдек, базавий инфляция ўсиш тенденцияси иқтисодиётда инфляцион босимнинг сақланиб қолаётганлигини кўрсатмоқда.

Бу, ўз навбатида, май ойида умумий инфляциянинг бироз пасайишига қарамай, инфляциянинг прогноз траекториясидан юқори шаклланишига олиб келмоқда. Газ ва электр энергияси нархлари ошишининг инфляцион жараёнларга иккиламчи таъсирини камайтириш ҳамда умумий инфляциянинг барқарор пасайиш тенденциясига ўтиши учун асосий ставка жорий даражада сақлаб қолинди, дейилади Марказий банк хабарида.

2025 йил май ойида йиллик инфляция 8,7% гача пасайди, бу асосан 2024 йилдаги энергия ресурслари тарифлари ошишининг самараси тугагани ҳисобига бўлди. Бироқ, аҳоли ва бизнеснинг инфляцион кутилмалари инфляциянинг амалдаги даражасидан юқори бўлиб қолмоқда.

Базавий инфляция — яъни, вақтинчалик нарх шокларидан тозаланган инфляциянинг барқарор қисми ўсиши алоҳида таъкидланади. Май ойида у йиллик 8,5% га етди. Иқтисодиётдаги юқори умумий талаб шароитида энергия ресурслари нархларининг сўнгги оширилиши (2025 йил май ойида) иккиламчи таъсирларни юзага келтирмоқда, бу эса узоқроқ давом этадиган инфляцион босимдан далолат беради.

Талаб ва бюджет харажатлари томонидан босим сақланиб қолмоқда

Марказий банкнинг қайд этишича, 2025 йил январь-май ойларидаги юқори иқтисодий фаоллик умумий талаб ўсишининг асосий омилларидан бири бўлди. Бу савдо, хизматлар, банклараро операциялар, кўчмас мулк битимлари ва хориждан пул ўтказмаларидан тушган даромадларнинг ўсишида ўз аксини топмоқда.

Шунингдек, кредитлашнинг юқори суръатлари сақланиб қолмоқда ва давлат харажатлари ўсиб бормоқда, бу талабни, демакки, нархларга босимни янада кучайтирмоқда.

Ташқи конъюнктура беқарор бўлиб қолмоқда

Марказий банкнинг кутишича, глобал иқтисодий ноаниқлик туфайли кўплаб мамлакатларда қаттиқ пул-кредит шароитлари узоқ вақт сақланиб қолади. Шу билан бирга, айрим озиқ-овқат маҳсулотларининг жаҳон нархлари ўсиши Ўзбекистонда ички нархларга қўшимча босимни юзага келтириши мумкин.

Шу билан бирга, анъанавий экспорт маҳсулотлари учун юқори биржа нархларининг сақланиб қолиши ва савдо ҳамкор мамлакатларда алмашинув курсларининг мустаҳкамланиши экспорт тушумлари ва трансчегаравий пул ўтказмаларини қўллаб-қувватлайди. Бу, ўз навбатида, хорижий инвестициялар оқими билан бирга, ички валюта бозорида таклифнинг барқарор шаклланишини таъминлаб, кейинги ойларда алмашинув курси томонидан инфляцияга бўлган босимни камайтиришга ёрдам беради.

Марказий банкнинг фикрича, жорий ставкани сақлаб қолиш кредитлашнинг ўртача ўсишини, депозитларнинг юқори ўсиш суръатларини ва монетар сиёсат ҳисобига инфляцияни жиловлашни таъминлайди.

Ушбу омилларни ҳисобга олган ҳолда ва ўрта муддатли истиқболда нархлар барқарорлигини таъминлаш учун Марказий банк ставкани ўзгаришсиз, йиллик 14% даражасида сақлаб қолди.

Регулятор ўрта муддатли истиқболда 5% инфляция таргетга эришиш учун пул-кредит шароитларининг етарлича қаттиқлигини таъминлайди.

«Яқин ойларда умумий талаб ва иқтисодиётдаги иккиламчи таъсирлар томонидан инфляцион босим кутилганидан юқори бўлиши эҳтимоли юзага келган тақдирда, пул-кредит шароитларининг қаттиқлик даражаси қайта кўриб чиқилиши мумкин», — дейилади хабарда.

Марказий банкнинг асосий ставкани кўриб чиқиш бўйича навбатдаги йиғилиши 24 июлга белгиланган.

S&P кредит агентлиги 2025 йилда Ўзбекистонда инфляцияни 10,1% даражасида прогноз қилмоқда — бу Марказий банкнинг мақсадли даражасидан (8%) юқори. Сабаби — энергия ресурслари тарифларининг босқичма-босқич ўсиши. Ташкилот маълумотларига кўра, доллар курси йил охиригача қарийб 13,57 минг сўмга етиши мумкин, бу ҳам Марказий банк кутилмаларидан юқори.