Трамп маъмурияти Гарвардни хорижий талабаларни қабул қилиш ҳуқуқидан маҳрум қилиш билан таҳдид қилди

АҚШнинг Ички хавфсизлик вазирлиги Гарвард университетини, агар у талабалар визаси асосида ўқиётган талабаларнинг «ноқонуний ва зўравон ҳаракатлари» ҳақидаги маълумотларни тақдим этмаса, хорижий талабаларни қабул қилиш ҳуқуқидан маҳрум қилиш билан таҳдид қилди, деб ёзади CNN.

Ички хавфсизлик вазири Кристи Ноэм мурожаатида, «Гарвардда талабалар визаси билан ўқиётган хорижий талабаларнинг ноқонуний ва зўравон ҳаракатлари» ҳақида батафсил маълумотларни 2025 йил 30 апрелгача тақдим этишни ёки дарҳол Талабалар ва алмашинув дастурлари (SEVP) сертификатидан маҳрум этилишини талаб қилгани» ҳақида вазирлик пресс-релизида айтилади.

SEVP сертификати университетларга қабул қилинган хорижий талабаларга АҚШга виза олиш учун зарур бўлган махсус шаклларни бериш ҳуқуқини беради. SEVP дастури АҚШ Ички хавфсизлик вазирлиги назоратида ҳисобланади.

Телеканал маълумотига кўра, 2024–2025 ўқув йилида Гарвард университетига 6793 нафар хорижий талаба қабул қилинган, бу умумий талабалар сонининг 27,2%ни ташкил қилади.

Гарвард университети CNN’га маълум қилишича, хатдан хабардор, аммо аввалги баёнотида қайд этилганидек, «ўз мустақиллиги ёки конституциявий ҳуқуқларидан воз кечмайди».

«Биз қонунларга риоя қилишда давом этамиз ва ҳудди шундай тартибга маъмуриятдан ҳам умид қиламиз, — дейилади Гарвард вакили баёнотида. — Агар жамоамиз аъзоларига қарши федерал чоралар кўрилса, улар аниқ далилларга асосланган, белгиланган ҳуқуқий жараёнларга мувофиқ ва барча шахсларга тегишли конституциявий ҳуқуқларга ҳурмат асосида амалга оширилишини кутиб қоламиз».

Harvard Crimson талабалар газетаси маълумотига кўра, Ички хавфсизлик вазирлиги Гарвардни яҳудий талабалар учун «ўқув муҳитида душманлик» яратганликда айблаган.

«Гарвард университетида ўқиш хорижий талабалар учун имтиёз ҳисобланади, кафолат эмас», — дейилган вазирлик хатида, дея ёзади газета.

Бундан аввал Трамп маъмурияти Гарвард университетининг 2,2 миллиард долларлик грантларини музлатиб қўйган эди. Бу қарор университет Оқ уйнинг таълим сиёсатига ўзгартириш киритиш талабларини бажаришдан бош тортганидан сўнг қабул қилинган. Ҳукумат таълим муассасасидан турлилик, тенглик ва инклюзивликка оид барча дастурларни ёпишни, талабалар ва ўқитувчилар ваколатларини қисқартиришни, айрим факультет ва дастурлар бўйича ташқи аудит ўтказишни ва қоидаларни бузган хорижий талабалар ҳақида федерал ҳокимият органларини дарҳол хабардор қилишни талаб қилган.